Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Жомбой тумани судида Украинадаги урушда қатнашган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Zamon дастурида хабар қилинди.

Ҳужжатларда келтирилишича, судланувчи 2023 йилда Санкт-Петербург шаҳрида ишлаётган вақтида Ўзбекистон фуқароси бўла туриб, низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси бўлмасдан, моддий манфаатдорлик эвазига Россия қуролли кучлари сафига ёлланган.

Шу вақт давомида эркак Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб келган. У Россия фуқаролигини ҳам олган. У икки давлат ўртасида бўлаётган қуролли тўқнашувларда иштирок этиши учун ҳарбий тайёргарликдан ўтган.

«Сизларга (урушда қатнашганларга — таҳр.) паспорт беряпти дейишди. Кейин бемалол юрасиз, хоҳлаган ишингизни қиласиз деб айтилди. Бундай таклиф кимга ёқмайди? Ҳеч қаерда тақиқларга учрамаслигимизни билдириб, Ўзбекистон фуқаролиги қолган ҳолатда ҳарбий гувоҳнома беришди», — дея таъкидлади судланувчи.

2023 йил октябрь ойида содир бўлган турли ҳужумлар оқибатида яраланган шахс Ўзбекистонга қайтган. Унга тегишли телефон текширилганда, Россия қуролли кучлари сафига ишга киргани бўйича ҳарбий гувоҳнома, Мудофаа вазирлигига тегишли ҳарбий госпиталда жароҳат олгани бўйича маълумотнома ҳамда РФ фуқаролиги паспорти акс этган фотосуратлар топилган.

Судланувчи Жиноят кодексининг 154−1-моддаси (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, кодекснинг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланган ҳолда уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Жазо умумий тартибли колонияда ўталиши белгиланди

Мавзуга алоқадор