19.09.2024 15:49
Туркистонда ТДТ Миллий хавфсизлик кенгашлари раислари йиғилди
Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилоти Миллий Хавфсизлик Кенгаши раисларининг III йиғилиши бўлиб ўтди.
ТДТ берган баёнотга кўра, Турк дунёсининг маънавий пойтахти ҳисобланган Туркистон шаҳрида ўтказилган йиғилишда Озарбайжон Хавфсизлик Кенгаши котиби Рамил Усубов, Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши котиби Гизат Нурдаулетов, Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманкулов, Туркия Миллий хавфсизлик кенгаши бош котиби Сейфуллаҳ Ҳажимуфтуўғли, Ўзбекистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва ТДТ бош котиб ўринбосари Ўмер Кожаман бошчилигидаги ТДТ котибияти иштирок этди.
Учрашувда томонлар ТДТ минтақаси ва дунёда мавжуд хавфсизлик ҳолати ва долзарб воқеаларни муҳокама қилгани билдирилди.
ТДТ мамлакатларига қаратилган хавфсизлик таҳдидлари ва хатарларини, шунингдек, айрим минтақавий ва глобал ўзгаришларнинг туркий минтақага эҳтимолий таъсири баҳоланди. Томонлар, шунингдек, транспорт хавфсизлигини таъминлаш ва Ўрта коридор бўйлаб транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратдилар.
Учрашув иштирокчилари терроризм ва экстремизм, ноқонуний қурол-яроғ ва наркотрафик, трансчегаравий уюшган жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.
Бундан ташқари, томонлар хавфсизлик соҳасида мавжуд ҳамкорликни аниқ лойиҳа ва дастурлар билан ривожлантириш учун ТДТ доирасида механизмларни мустаҳкамлаш масаласини атрофлича муҳокама қилдилар.