28.11.2024 10:43

Туркияда қалбаки долларлар билан боғлиқ йирик инқироз авж олди

Туркияда қалбаки долларлар билан боғлиқ йирик инқироз авж олди. Мутахассисларнинг фикрича, мамлакат бозорида 600 миллионга яқин қалбаки долларлар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти 50 ва 100 доллар номиналида. Қалбакилик даражаси шунчалик юқорики, ҳатто банкоматлар, пул ҳисоблаш машиналари ва кўплаб мутахассислар сохтани асл нусхадан ажрата олмаяпти, дея ёзмоқда Yeni Şafak  нашри.

Банклар ва айирбошлаш шохобчалари вакиллари, шунингдек, Истанбулдаги "Гранд-базар" (Kapalı Çarşı) савдогарлари 50 долларлик банкнот ва 100 долларлик эски оқ кўринишдаги пулларни қабул қилишни тўхтатган. Бу ҳатто махсус жиҳозлардан фойдаланганда ҳам банкнотларнинг ҳақиқийлигини аниқлашнинг қийинлиги билан боғлиқ.

Туркия валюта айирбошлаш шохобчалари ассоциацияси (TÜYEMDER) бошқаруви аъзоси Мустафо Юнвернинг таъкидлашича, пул ҳисоблагичлари ва банкоматларнинг дастурий таъминоти бундай қалбаки пулларни аниқлаш билан курашиш учун янгиланиши керак.

“Биз тушунмовчиликларнинг олдини олиш ва фуқароларни молиявий йўқотишлардан ҳимоя қилиш учун 50 доллар ва оқ 100 долларлик банкнотлар билан операцияларни вақтинча тўхтатдик. Дастурий таъминотни янгилаш тахминан 7-10 кун давом этиши кутилмоқда”, деди Унвер.

Маълумотларга кўра, қалбаки долларларнинг салмоқли қисми Туркияга Яқин Шарқ, Осиё, Болқон ва Эрон орқали кириб келади. Мустафо Юнвернинг қўшимча қилишича, қалбаки пул сотувчилар замонавий материаллар ва технологиялардан фойдаланмоқда, бунинг натижасида сохта буюмларни махсус жиҳозларсиз асл нусхадан ажратиб бўлмайди.

“Биз қалбаки долларлар ҳажми 600 миллионга яқин эканлиги ҳақида маълумот олдик. 50 долларлик купюраларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, чунки улар қалбакилаштиришнинг асосий мақсади ҳисобланади. Бу банкноталар шунчалик юқори сифатга эгаки, ҳатто пулни текшириш ускуналарини ишлаб чиқарадиган заводларда ҳам уларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш қийин”, — деди у.

Юнвер фуқароларга банклар ва расмий айирбошлаш шохобчаларидан ташқарида валюта операцияларини амалга оширмасликни қатъий тавсия қилди.

“Туркияда 950 га яқин лицензияга эга айирбошлаш шохобчалари мавжуд, бироқ уларга қўшимча равишда минглаб ноқонуний ташкилотлар ҳам бор. Фуқаролар ўта эҳтиёткор бўлишлари ва расмий лицензияга эга бўлмаган жойларда валюта харид қилишдан қочишлари керак”, — деди у.

Yeni Şafak нашри сохта долларларни аниқлаш бўйича бир қатор тавсияларни эълон қилди:

Қоғоз сифати

Асл доллар пуллари 75 фоиз пахта ва 25 фоиз зиғирдан иборат қоғозга босилади. Тегиниб кўрилса, сохта пуллар силлиқ ёки аксинча, жуда қўпол бўлиши мумкин.

Микроматн

Ҳақиқий банкнотларда фақат лупа остида кўриш мумкин бўлган микроматн мавжуд. Масалан, 2004 йилдаги 50 долларлик купюрада бундай ёзувлар портрет ёқасига ва вексел четлари бўйлаб жойлаштирилган.

Рангни ўзгартириш эффекти

Ҳақиқий 50 ва 100 долларлик банкнотларда рақамлар кўриш бурчаги ўзгарганда ранги мисрангдан яшилга ўзгаради.

Қоғоз конструкциясига хавфсизлик ипи киритилган бўлиб, унда «USA» ёзуви ва банкнот номинали кўринади.

Филигра

Банкнотни ёруғликда кўраётганда, унда асосий тасвир билан мос келадиган портрет ёки бошқа ўйма тасвири пайдо бўлади.

Ҳид

Баъзи экспертларнинг таъкидлашича, янги банкнотларнинг ҳиди сохта пуллардан фарқ қилиши мумкин, чунки турли хил кимёвий моддалар қўлланилади.

Қалбаки пулларнинг кўплиги ташвишли

Қалбаки долларлар турк иқтисодига оммавий равишда кириб, банклар, айирбошлаш шохобчалари ва оддий фуқаролар учун жиддий қийинчиликлар туғдирди. Бу муаммо молия тизимига бўлган ишончни сусайтиради ва шошилинч чоралар кўришни, жумладан, текшириш технологиясини ва халқ таълимини такомиллаштиришни талаб қилади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.