Туркияда Discord тақиқланди: Жамоатчилик хавотирлари ва ҳукуматнинг қатъий чоралари
Туркия ҳукумати жамоавий видеочатлар уюштиришга мўлжалланган Discord платформасини жиноятларга алоқадорлиги сабабли тақиқлашга қарор қилди. Ушбу қарор Анқаранинг 1-Жиноий суди томонидан қабул қилинган бўлиб, Туркиянинг Ахборот технологиялари ва алоқа бошқармаси (BTK) томонидан ижро этилди.
Тақиқлаш сабаблари асосан платформадаги баъзи гуруҳлар томонидан содир этилган жиноий фаолиятларга боғлиқ. Ушбу фаолиятлар орасида болалар ва аёлларга нисбатан куч ишлатиш, тазйиқ ва жинсий зўрлашни олқишлаш ва қўллаб-қувватлаш ҳолатлари аниқланган. Жамоатчилик орасида айрим гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар, шу жумладан яқинда 19 ёшли икки аёлнинг ўлдирилишига оид олқишлаш ва ғурурланиш мазмунидаги постлар тарқалиши ортидан келиб чиққан норозилик ҳам платформанинг тақиқланишига сабаб бўлди. Бундан ташқари, мазкур платформада икки нафар ёш йигит болаларга жинсий тазйиқ ўтказувчи гуруҳларни бошқариб келгани ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд.
Туркия адлия вазири Йилмаз Тунчнинг таъкидлашича, платформадаги зарарли контентлар ёшлар ва болаларнинг руҳий соғлиғига хавф солади. Шунингдек, ҳукумат жамият асосларини бузишга йўл қўймаслик ва ёшларни улар зараридан ҳимоя қилиш мақсадида ушбу қатъий чораларни қўлламоқда.
Ушбу
чоралар халқаро доираларда ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди, чунки сал
аввал ушбу платформани Россия ҳам айрим сабабларга кўра тақиқлаган эди.
Туркияда эса бу вазият турли оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликда кескин
фикрлар уйғотди.
Маълумот
учун, кеча, 8 октябрь куни Россияда ҳам Discord блокланди. Роскомнадзор платформада жойлаштирилган
ноқонуний маълумотларга киришни чеклаш бўйича талабларга риоя этилмаганини сабаб қилиб келтирди. Discord жорий
йилда Россия Федерациясида тақиқланган контентни олиб ташлаш талабларига риоя
қилмагани учун икки марта жаримага тортилганди.