23.05.2025 17:09
105
Туркияда биринчи исломофобияга қарши кураш маркази oчилди
Анқара Билим Университети таркибида Туркияда илк бор Исломофобияга қарши курашиш бўйича илмий марказ ва тадқиқот институти (CENTERCIF) очилди. Очилиш маросими Анадолу цивилизациялари музейида бўлиб ўтган. Унда Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ҳам иштирок этди.
Вазир Эрсой тарихий мисоллар асосида Рим империясидан то замонавий мустамлакачиликгача бўлган даврларда диндорларнинг қандай зулмларга дучор бўлганини ҳикоя қилиб берган.
Бугунги кунда эса айнан мусулмонлар золимларнинг асосий нишонига айланганини қайд этаркан у Фаластин, Аракан, Сребреница ва Ғазо каби жойларда содир бўлаётган қатлиомларни бунга мисол қилиб келтирган.
Янги марказнинг асосий мақсади — Исломофобиянинг илдизларини илмий асосда ўрганиш, халқаро ҳамкорлик асосида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва жамиятнинг бу борадаги хабардорлигини оширишдир.
Марказ нафақат Туркияда, балки халқаро майдонда ҳам исломофобияга қарши курашувчи етакчи илмий ва ижтимоий марказга айланиши кутилмоқда.