Туркияда 2023 йилги зилзилага икки йил тўлди
2023 йил 6 февраль куни Туркиянинг Каҳраманмараш вилояти марказида 7,7 ва 7,6 магнитудали кучли зилзилалар содир бўлиб, мамлакат тарихидаги энг йирик табиий офатлардан бирига айланган эди. Зилзила оқибатида 53 537 киши ҳалок бўлди, 107 213 киши жароҳатланди.
Икки йил ўтганига қарамай, зилзила оқибатларини бартараф этиш ва қайта тиклаш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда. Туркия ҳукумати ва халқаро ҳамжамият томонидан кўрсатилган ёрдам ҳудудларни қайта қуриш жараёнини тезлаштирди.
Қидирув-қутқарув ва ёрдам ишлари
Зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда 650 мингдан ортиқ киши, жумладан, 11 488 халқаро мутахассис, 35 250 қидирув-қутқарув ва 142 минг қўриқлаш хизмати ходимлари сафарбар қилинди.
93 мамлакатдан қидирув-қутқарув гуруҳлари иштирок этиб, 39 мингта вайронада қидирув ишлари олиб борилди. Ҳаво ва денгиз транспорти ёрдамида 32 770 тонна ёрдам юборилди.
Бошпаналар ва ижтимоий ёрдам
Зилзиладан жабр кўрган 11 вилоятда вақтинчалик бошпаналар ташкил этилиб, 1 миллион чодир жўнатилди. 2,5 миллиондан ортиқ киши уй-жой билан таъминланди.
Кредит ва ётоқхоналар муассасаларида 1 млн 188 мингдан ортиқ киши жойлаштирилди. Контейнер шаҳарчаларида аҳоли учун таълим, тиббий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматлар ташкил этилди.
Қайта қуриш ва зарарни баҳолаш
Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазирлиги 2,3 миллиондан ортиқ бино ва 6,6 миллиондан ортиқ участкада зарарни баҳолади.
Мулк ҳуқуқини расмийлаштириш жараёнида 845 371 та ариза баҳоланиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Туркия ҳукумати зилзиладан энг кўп жабр кўрган ҳудудларда янги уй-жой ва инфратузилмалар қуришни давом эттирмоқда.
Ўзбекистоннинг кўрсатган ёрдами
Зилзиладан сўнг Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарув отрядлари Туркияга юборилди. Ўзбекистон фуқаролари маблағлари ҳисобидан Ҳатай вилоятида модулли уйлар қурилди. Шунингдек, зилзиладан жабрланган нуронийлар Ўзбекистонга дам олиш учун таклиф этилди.
Тикланиш ва келажак
Каҳраманмараш губернатори Мукеррем Унлуэр матбуот анжуманида икки йил ичида шаҳарни анча тиклашга эришилганини таъкидлади. Давлат шифохоналари, мактаблар ва бошқа ижтимоий иншоотлар қурилиши давом этмоқда.
Туркия ҳукумати 2025 йилга қадар зилзиладан жабр кўрган барча ҳудудларни тўлиқ тиклашни режалаштирган эди.