Туркия Суданга 2408 тонна инсонпарварлик ёрдами юборди
Туркия Суданга Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) бошчилигида тайёрланган 2408 тонна гуманитар ёрдам жўнатди, деб хабар бермоқда “Анадолу” агентлиги.
Туркия
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Турк Қизил Ярим ой жамияти ва бошқа ташкилотлар
кўмагида озиқ-овқат, гигиена воситалари, кийим-кечак, бошпана ва тиббий
буюмлардан иборат юклар ортилган “Сард” кемаси Туркия жанубида жойлашган Мерсин
халқаро портидан йўлга чиқди.
“Соғлиқни
сақлаш вазирлиги томонидан ажратилган 160 тонна дори-дармон ва тиббий
асбоб-ускуналар, 128 тонна кийим-кечак, 90 тонна гигиена воситалари, 44 тонна кўрпа-тўшак
ва турли бошпана материалларини жўнатишни режалаштирган эдик. Умид қиламизки,
кема 19-21 июлда Суданга етиб боради”, – дея маълум қилди AFAD раҳбари Окаи
Мемиш.
Маълумот
учун, Суданда бир мунча вақтдан бери давом этаётган ички зиддият ва қурғоқчилик
туфайли 8 миллионга яқин одам ўз уйи ва ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлди. 700
мингдан зиёд болалар очликдан ўлиш арафасида турибди.