24.01.2025 12:30
Туркия Руанда ва Конго ўртасидаги можарода ёрдамга шайлигини билдирди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Анқарада Руанда президенти Паул Кагаме билан ўтказилган яккама-якка ва делегация учрашувларидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Руанда ва Конго Демократик Республикаси ўртасидаги можарони ҳал этишга Туркия тайёр эканини таъкидлади.
"Агар ҳар икки томон ҳам можарони ҳал қилишни истаса, Туркия ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр. Бу Буюк Кўллар минтақасида тинчлик ва барқарорликка ҳисса қўшади", деди Эрдоған.
Президент Кагаменинг Туркияга ташрифи Руанда раҳбарининг илк расмий ташрифи бўлиб, Эрдоған икки давлат ўртасидаги муносабатлар 2013-2014 йилларда элчихоналарнинг очилиши билан янги босқичга кирганини таъкидлади.
У Туркия ва Руанда ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка эътибор қаратди.
Жумладан, 2000 йиллар бошида савдо ҳажми 1 миллион долларни ташкил этган бўлса, бугун Туркия компаниялари Руандага салкам 500 миллион доллар сармоя киритгани қайд этилди.
Шунингдек, Эрдоған Руандани сиёсий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишнинг намунаси сифатида кўрсатиб, бу муваффақиятда президент Кагаменинг раҳбарияти катта роль ўйнаганини айтди.
Учрашувлар давомида икки давлат ўртасида савдо, энергетика, таълим, маданият, мудофаа саноати ва илмий-тадқиқот соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳокама қилинган.