12.05.2025 14:25
250

Туркия Мубашшир Аҳмадни Ўзбекистонга топширди

2025 йилнинг 8 май куни тонгда Ўрта Осиё халқлари “Азон” вақфи васийлар кенгаши раиси, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси, устоз Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)  Турк полицияси томонидан Истанбулдаги уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилган. 

Адвокатларга билдирилган сўнги маълумотга кўра, суриштирувдан сўнг Мубашшир Аҳмад Истанбулдаги Депортация марказига ўтказилиши, эртасига – 9 май куни у ердан қўйиб юборилиши керак эди. 

Ўтган 4 кун давомида Иммиграция бошқармаси (Göç İdaresi) Мубашшир Аҳмад домланинг қаердалиги, соғлиғи ва суд жараёни ҳақида адвокатларига ҳам, яқинларига ҳам ҳеч қандай маълумот бермаган. 

Туркиялик адвокат Иброҳим Эргиннинг маълум қилишича, Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонга депортация қилинган. 

Уни 9 май куниёқ шошилинч тарзда депортация қилишмоқчи бўлишгани, лекин жамоатчилик аралашуви туфайли Эдирнега жўнатилгани билдирилмоқда.

«Эдирнедаги Миграция идорасида разведка назорати остида сақланган, кейинчалик шанба куни яна Истанбулга қайтарилган. Бу орада у юридик тизимдан четлаб ўтилган ва ноқонуний тарзда Ўзбекистонга топширилган», дейилади ҳуқуқ ҳимоячисининг баёнотида.

Адвокат Иброҳим Эргинга кўра, хавфсиз жой истаб, бошпана сўраб келган инсонни мамлакатига қайтариб бериб юбориш ҳам қонуний, ҳам диний ва ҳам виждоний жиҳатдан жоиз эмас.

«Бу иш билан тарихимизга доғ бўлиб тушган Боралтан кўприги фожеаси яна такрорланди. Бу ишни қилганлар, албатта, жазоланиши керак, маҳкамаларда ҳам, виждонларда ҳам», деб ёзди Иброҳим Эргин Х даги саҳифасида.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.