05.12.2023 16:31

Туркия Исроил разведкасини огоҳлантирди: Жиддий оқибатлар бўлади

Исроилнинг Фаластиндан ташқарида яшовчи ҲАМАС аъзоларини йўқ қилиш режаси ҳақидаги хабар ортидан Туркия Исроил разведка бўлинмаларининг мамлакатдаги ноқонуний фаолиятлари жиддий оқибатларга олиб келишини маълум қилди.

Аввалроқ Американинг Wall Street Journal газетаси Исроил разведка бўлинмалари Ливан, Туркия ва Қатарда яшовчи ҲАМАС аъзоларига қарши суиқасд режаларини тузаётганини ёзган эди.

Шин-Бет (Шабак) Исроил контрразведка хизмати директори Ронен Бар KAN Исроил давлат телевидениеси эфирга узатган лавҳада бутун дунёда, жумладан, Қатар, Туркия ва Ливандаги ҲАМАС етакчиларини қанча йил кетса ҳам ўлдиришга қатъий қарор қилинганини билдирган эди. 

Турк разведка манбалари халқаро матбуотдаги Фаластиндан ташқарида яшовчи ҲАМАС аъзолари нишонга олиниши ҳақидаги хабарлар ҳамда Исроил расмийларининг бу борадаги баёнотларига асосланиб, уларга зарур огоҳлантиришлар берилгани, акс ҳолда ҳар қандай хатти-ҳаракат жиддий оқибатларга олиб келиши айтилганини маълум қилди.

Anadolu агентлиги билан суҳбатлашган расмийлар аввалроқ турли разведка хизматлари Туркия ҳудудида ноқонуний фаолият олиб боришга уринганини эслатиб, ҳеч бир хизматнинг бундай операцияларни амалга оширишига рухсат берилмаслигини таъкидлади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.