04.07.2024 08:48

Туркия АҚШ ва Британия фуқаролари устидан назоратни кучайтирди

Туркия разведкаси мамлакатга ташриф буюрган АҚШ ва Британия фуқаролари устидан назоратни кучайтирди, дея хабар қилди Nordic Monitor Скандинавия тадқиқотлар ва мониторинг нодавлат ташкилоти. Бунга ушбу давлатларнинг айрим фуқаролари президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукуматини беқарорлаштириш мақсадида айғоқчи ва пудратчи сифатида фаолият кўрсатаётган бўлиши мумкинлиги сабаб экани айтилмоқда.

Қайд этилишича, бунинг учун MİT турк разведка хизмати журналистлар, тадқиқотчилар, академиклар ва нодавлат-нотижорат ташкишлотлар ходимлари орасидан потенциал жосусларни аниқлаш учун маълумотларни таҳлил қилиш алгоритмларидан фойдаланилган махсус дастурни ишлаб чиққан.

Алгоритм турли кўрсаткичларни, жумладан, баъзи касблар, тез-тез ташриф буюрадиган жойлар, ҳамкорлар, хабарларда ишлатиладиган калит сўзлар, Интернет-трафик, хатти-ҳаракатлар намуналари ва бошқаларни таҳлил қилади.

Бундай чора-тадбирлар депортация қилиш ва яшаш учун рухсатномани узайтиришни рад этиш ҳолатларига олиб келмоқда. Туркия расмийлари мазкур чораларни миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш зарурати билан оқламоқда, Ғарб давлатлари эса сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олишлар ва текширувлар ўтказилаётганидан хавотир билдирмоқда.

Кўплаб Ғарб нодавлат ташкилотлари ҳам Туркиядаги лойиҳалари орқали жосусликда ва беқарорликда айбланиб, назорат остига олинган. Ушбу чоралар танқидларга сабаб бўлди ва Ғарб давлатларининг Туркияга саёҳат қилишда эҳтиёткор бўлиш ҳақида огоҳлантиришларига олиб келди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.