16.08.2025 09:54
127

Тошкентда спиртли ичимликлар дўкони олдида жанжал бўлди

Олдинроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкентда оммавий жанжал бўлаётгани тўғрисида хабарлар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди. 

Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, 14 август куни соат 22:35лар атрофида Янгиҳаёт тумани “Янги Чоштепа” маҳалласида 2001 йилда туғилган Р.Б. ва 2006 йилда туғилган А.Ф., Т.А., М.А. дўкондан спиртли ичимлик харид қилиб, пулини тўламасдан кетмоқчи бўлган. Дўкон эгаси эса уларни тўхтатиб, тўловни амалга оширишларини сўраган.

Ушбу шахслар жамоат жойида бўла туриб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан бақир-чақир қилиб, фуқаролар тинчлигини бузган, дейилади хабарда. 

Воқеа жойига етиб келган ИИО ходимлари тартиббузарларни ушлаган ва яқин орадаги ИИБга олиб борган. Жанжалда тан жароҳатлари олганлар йўқлиги айтилмоқда.

Р.Б., А.Ф., Т.А. ва М.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ИИО ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.