Тошкент Ислом институти талабаси 12 соатда Қуръонни ёддан хатм қилди
Тошкент Ислом институтининг иккинчи босқич талабаси Робияхон Музаффархонова Қуръони Каримнинг 30 порасини 12 соат ичида ёддан ўқиб, хатм қилишга муваффақ бўлди. Бу жараённи “Қуръон илмлари” кафедраси устозлари ва талабалар кузатиб боришди.
Маълумотларга кўра, институт ректори Уйғун Ғофуров мазкур ютуқни юқори баҳолаб, Робияхон Музаффархоновага ноутбук ва эсдалик совғаларини топширган. Қайд этиш лозим, Тошкент Ислом институтида Қуръони Каримни бир кунда ёддан ўқиш анъанага айланган бўлиб, бугунги кунгача 12 нафар қория талабалар ушбу натижага эришган.
Улар қаторида Гулруҳ Кенжабек қизи, Робия Нажмиддинова, Фотима Абдуллаева, Ҳавасхон Акбарова, Сайдиллаева Назокат, Мираҳмадова Ҳуснора, Муҳамматханова Мухлиса, Қурбонова Хадича, Орифжонова Муҳсина, Амина Хўжаёр ва Руқайя Юсуфий каби талабалар бор.
Тошкент Ислом институтида Қуръони Каримни бир кунда ёддан ўқиб бериш анъанаси 2014 йилда Ихтиёр қори Абдураҳманов томонидан бошланган. Ўшанда у институт тарихида илк бор Қуръонни бир ўтиришда мукаммал ёддан ўқиб хатм қилган эди.
Талабаларнинг бу борадаги муваффақиятлари нафақат уларнинг шахсий заҳматлари, балки устозларнинг меҳнати ва институтдаги юксак савиядаги таълим тизими билан ҳам боғлиқ.