17.09.2024 11:46

Тоқаев Бразилия ва Хитойнинг Украина бўйича тинчлик режасини қўллаб-қувватлади

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Бразилия ва Хитойнинг Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича тинчлик режасини қўллаб-қувватлади. 16 сентябрь куни Остонага ташриф буюрган Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашувда бу ҳақда сўз очди.

«Урушнинг янада авж олиши бутун инсоният, биринчи навбатда, Россия-Украина можаросига бевосита алоқадор бўлган барча мамлакатлар учун тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади. Афсуски, Истанбул битимини тузишдан бош тортилгани орқали ҳеч бўлмаганда сулҳга эришиш учун ҳам яхши имконият йўқолди. Аммо тинчликка эришиш имконияти ҳали ҳам мавжуд», — деди Тоқаев.

Қозоғистон раҳбари Россиянинг «ҳарбий жиҳатдан енгилмас» эканини «факт» деб атади ва турли давлатларнинг «барча тинчлик ташаббусларини диққат билан кўриб чиқишга» чақирди.

«Бизнинг фикримизча, Хитой ва Бразилиянинг тинчлик режаси қўллаб-қувватлашга лойиқ. Давлат раҳбарлари келади ва кетади, халқлар, айниқса, қўшни халқлар эса тинч-тотув ва ўзаро ҳамжиҳатликда яшаши керак», — деди Тоқаев.

«Қозоғистон Россия билан дунёдаги энг узун қуруқлик чегарасига эга ва мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик доирасидаги ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Қозоғистонда Украина халқига ва унинг ўзига хос маданиятига самимий ҳамдардлик билан қарашади. Давлатларимиз ўртасида ҳеч қачон келишмовчилик бўлмаган. Мамлакатимизнинг Киевдаги элчихонаси ўз фаолиятини давом эттирмоқда», — дея қўшимча қилди у.

Акорда матбуот хизматининг қайд этишича, Тоқаев Россия-Украина уруши ҳақида Шольцнинг илтимосига биноан гапирган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.