Толиблар Қозоғистон "Толибон"ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарганини олқишлади
Афғонистон ҳукумати Қозоғистон расмийларининг ҳаракатни
террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариб ташлаш ҳақидаги қарорини
қўллаб-қувватлайди ва Остона билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Бу
ҳақда Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида маълум қилинди.
“Афғонистон Ислом Амирлиги Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг "Толибон" ҳаракатини таъқиқланган гуруҳлар таркибидан чиқарилиши ҳақидаги қарорини олқишлайди”, — дейилади Толибон ТИВ расмий вакили Абдул Қаҳҳор Балхийнинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
“Қозоғистон Афғонистоннинг минтақадаги савдо ва транзит
борасидаги муҳим ҳамкоридир ва бу қарор икки томонлама муносабатларда тараққиёт
ва иқтисодий ҳамкорликни оширишга йўл очади, бу эса ҳар икки давлатга фойда
келтиради”, — дейилади матнда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 июн куни Қозоғистон
президенти Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида
республика Толибонни террорчилар рўйхатидан чиқарганини айтган эди. Тоқаевнинг
фикрича, ҳозирги босқичдаги стратегик вазифалардан бири Қобулни минтақалараро
алоқаларга фаол жалб этишдир. Шу билан бирга, Қозоғистон Ташқи ишлар
вазирлигининг расмий вакили Айбек Смадияров Остона Толибонни 2023 йил декабрида
тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги қарорини эълон қилди.