03.06.2024 13:28

Қозоғистон “Толибон” ҳаракатини террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди

Қозоғистон Афғонистонни минтақалараро алоқаларга фаол жалб қилиш мақсадида “Толибон” ҳаракатини террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди. Бу ҳақда душанба куни мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаев КХШТга аъзо давлатлар парламент палаталари спикерлари билан учрашувда маълум қилди.

“Қозоғистон замонавий Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги ва бу режим узоқ муддатли омил эканлигини англаган ҳолда “Толибон” режимини террорчилар рўйхатидан чиқарди”, — деди Тоқаев.

Қозоғистон раҳбари КХШТ давлатларини Олмаота шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказини яратиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Аввалроқ, февраль ойида Қосим-Жомарт Тоқаев Афғонистондаги гуманитар ва иқтисодий таназзулнинг олдини олиш мақсадини эълон қилган эди:

“Бу давлат билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида Қозоғистон «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Ўйлаймизки, бу қадам Олмаотада БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича Минтақавий ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказини ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатларимиз билан бирга ушбу мамлакатнинг глобал ҳамжамиятга янада интеграциялашувига ёрдам беради”.

Аввалроқ Россия ҳам “Толибон”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш режасини маълум қилган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.