29.08.2025 07:21
60

Сигарет, қимор, ичкилик ва гиёҳвандликка қарамлик сабаб Туркия иқтисодиёти 78 млрд доллар йўқотмоқда

Туркиянинг “Яшил яримой” жамияти (Yeşilay) маълумотларига кўра, тамаки, алкогол, қимор ва гиёҳвандликка қарамлик мамлакат иқтисодиётига йилига тахминан 78 млрд долларга тушмоқда. Истанбулда ўтказилган матбуот анжуманида тақдим этилган ҳисобот қарамликнинг молиявий ва ижтимоий оқибатлари ҳақида даҳшатли маълумотларни тақдим этилди. Таъкидланишича, бу муаммо нафақат айрим фуқароларнинг соғлиғига, балки оилавий барқарорлик ҳамда давлат келажагига ҳам жиддий хавф солмоқда. 

Катта йўқотишлар

“Қарамлик иқтисодиёти: Туркияда тамаки, алкогол, қимор ва гиёҳванд моддаларнинг иқтисодий қиймати” номли ҳисоботда миллий иқтисодиётга етказилаётган тўғридан-тўғри ва билвосита зарарлар келтирилган. Жумладан, Туркия иқтисодиётига: 

тамаки — қарийб 24 млрд доллар,
алкогол — 9 млрд доллар,
гиёҳванд моддалар — 5 млрд доллар,
қиморга тобеълик ортидан 40 млрд доллар зарар кўряпти. 

Умумий зарар ҳажми 3,1 триллион турк лираси деб баҳоланмоқда. Бу фақат моддаларни ёки хизматларни харид қилиш билан чекланиб қолмай, соғлиқни сақлаш харажатлари, меҳнат унумдорлигининг пасайиши, авариялар, жиноятчилик ва бошқа кўплаб салбий омилларни ҳам ўз ичига олади.

Ҳисоботда қарамликнинг молиявий зарарларидан ташқари бошқа оқибатлари ҳам келтирилган. Жумладан, чекишнинг ўзидан келиб чиқадиган касалликларни даволаш ЯИМнинг 2,2 фоизига тенг. 

Афсуски, сўнгги 20 йилда аҳоли орасида сигарет истеъмоли 39 фоизга ортиб, йилига 108 млрд донадан 150 млрд донага етган. 

Туркияда йилига 1,3 млрд литр спиртли ичимлик истеъмол қилинади — бу бевосита 5,5 млрд доллар харажатдир. Йўл-транспорт ҳодисаларининг 22 фоизи маст ҳолда бошқарув туфайли содир бўлади ва иқтисодиётга 15 млрд доллар зарар етказади. 

Қимор ўйинлари (айниқса онлайн-казино) эса энг хавфли иллат сифатида қайд этилди. У нафақат молиявий йўқотишларга, балки оилаларнинг бузилиши, қарздорлик, фирибгарлик ва жиноятчиликнинг ошишига олиб келмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.