13.04.2024 10:30

Рус милицияси Москвада қирғиз дипломатининг уйига бостириб кирди

Россия Ички ишлар вазирлигининг икки ходими Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси Манас Жўлдошбековнинг Москвадаги хонадонига унинг мамлакатда бўлиши қонунийлигини текшириш учун бостириб кирди.

Россия телеграм-каналларидаги хабарларга кўра, воқеа 8 апрель куни содир бўлган. Полиция қирғиз дипломати хонадонининг қулфини бузиб, кириш эшигига шикаст етказган, сўнгра қўполлик билан миграция қайдномаси варақасининг ечиб олинадиган қисмини кўрсатишни талаб қилган.

Дипломат ва унинг оила аъзолари дипломатик паспорт ва дипломатик карталарни тақдим этганидан кейин ҳам полиция ходимлари миграция рўйхатидан ўтганлик ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этишни тажовузкорона тарзда талаб қилишда давом этишди.

Бу маълумотни кейинроқ Қирғизистон парламенти депутати Дастан Бекешев ҳам тасдиқлади. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия полициясининг ҳаракатларини номақбул деб атади ва чуқур тергов ўтказилишини талаб қилди, дея хабар берди TRT.

“Худога шукур, ҳеч ким жабрланмади, бироқ воқеа юз берди. Агар улар элчихона ходимларига шундай қилишса, иммунитетга эга бўлмаган фуқароларга нима қилишларини тасаввур ҳам қила олмайман. Россия полицияси ақлдан озганга ўхшайди”, — деди Бекешев.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия полициясининг ҳаракатларини номақбул деб атади ва чуқур тергов ўтказилишини талаб қилди.

“Россия Федерацияси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Қирғизистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг аккредитациядан ўтган ходимларига нисбатан бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди ва синчковлик билан тергов ўтказиш ҳамда айбдорларни имкон қадар тезроқ жавобгарликка тортишни талаб қилади”, — дейилади ТИВ хабарида.

12 апрель куни Қирғизистон ТИВ консуллик бошқармасида Россия элчихонаси консул маслаҳатчиси Андрей Бурев билан воқеа юзасидан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Қирғизистон томони Россия ИИВ ходимлари 1961 йилги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенцияси қоидаларини қўпол равишда бузганини алоҳида таъкидлади.

Консул Андрей Буревой ушбу фактдан афсусда эканлигини ва Россия ТИВ Қирғизистон томонидан расмий нота олганини, шу асосда ҳозирда текширув ўтказилаётганини, унинг натижаларига кўра Қирғизистон томонига хабар берилишини айтди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.