30.04.2024 12:31

Қозоғистон олигархлар пуллари тошқин оқибатларини бартараф этишга йўналтирилади

Қозоғистон олигархлардан тортиб олинган 90 миллион долларнинг бир қисмини сув тошқини муаммоларини ҳал қилиш учун ишлатмоқчи, деб ёзмоқда TRT.

Қайд этилишича, ўтган йил давомида Қозоғистоннинг ноқонуний активларини қайтариш комиссияси қозоғистонлик олигархлар хорижда ноқонуний йўллар билан пул ювишга уринган 40 миллиард тенгедан (90 миллион доллар) ортиқ маблағни мамлакат бюджетига қайтаришга муваффақ бўлган.

Қозоғистон оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, республика ҳукумати бу маблағларни ижтимоий дастурларга сарфлашга қарор қилган. Унга кўра, маблағнинг асосий қисми Қозоғистон шимолидаги сув тошқини қурбонларига йўналтирилади. Комиссия, шунингдек, 7 миллиард тенге (15,8 миллион доллар) миқдорида инвестиция шартномаларини тузишни маъқуллади. Шу тариқа, расмийлар активларни қайтариш бўйича қонунга бўйсунувчи олигархларни Остона ва Чимкентда иккита инфратузилма объекти қуриш мажбуриятини юклашга қарор қилди.

“Активларни қайтариш бўйича олиб борилаётган ишлар давлат раҳбарининг ижтимоий адолатни тиклаш йўлидаги йўналишининг бевосита тимсолидир. Қайтарилган барча маблағ Қозоғистон халқи манфаати учун сарфланмоқда”, — деди Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов.

Остона ва Чимкентдаги лойиҳалар нафақат инфратузилмани ривожлантиришга, балки республика учун иқтисодий ўсиш двигателига айланишга қаратилган. Ҳукумат янги иш ўринлари яратиш ва солиқ тушумларини кўпайтиришдан икки томонлама фойда кутмоқда: иқтисодий ўсишни рағбатлантириш билан бирга долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш.

26 апрель куни бош вазир матбуот хизмати мамлакат шимоли ва марказидаги тошқинлардан жабр кўрган 12 642 оилага ҳукумат томонидан товон пули тўлангани ҳақида хабар берилган эди. Бугунги кунга қадар жабрланган ҳудудлар аҳолисидан ёрдам сўраб 21 658 та мурожаат келиб тушган. Охирги икки ҳафта ичида расмийлар 468 та уйда таъмирлаш ишлари учун 645 миллион тенгедан (1,5 миллион доллар) кўпроқ маблағ ажратди.

Қозоғистон фуқаро муҳофазаси хизматлари Атирау, Ақтўбе, Ғарбий Қозоғистон ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида сув тошқини оқибатларини бартараф этишда давом этмоқда. Сув тошқинлари шу ҳафта чўққисига чиқиши, 1 майдан бошлаб минтақада сув сатҳининг босқичма-босқич пасайиши кутилмоқда.

Аввалроқ Қозоғистон ФВВ мамлакатда сув тошқини туфайли 6,5 мингдан ортиқ одам эвакуация пунктларида қолаётгани, мутахассислар Атирау, Ақтўбе, Ғарбий Қозоғистон ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида сув тошқинларини бартараф этиш ва аҳолига ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттираётганини маълум қилган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.