07.02.2024 11:45

Қозоғистон маҳаллий дронларини синовдан ўтказди

Қозоғистонда Қозоғистон корхоналари вакиллари томонидан Қуролли Кучлар эҳтиёжлари учун махсус ишлаб чиқилган учувчисиз учиш аппаратларининг илк синовлари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Республика Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Хабарда қайд этилишича, барча учувчи техникалар замонавий видеокузатув воситалари, датчиклар, масофа ўлчаш асбоблари ва тепловизорлар билан жиҳозланган. Мутахассислар эътиборига ҳавога турли усулларда – катапульта, махсус резина белбоғлар, жойидан –  вертолётга ўхшаб вертикал кўтарилиб, самолёт каби учишда давом этадиган дронлар намойиш этилди.

“Ушбу дронлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ва қисқа вақт ичида яратилган. Уларнинг меҳнати натижасини аниқ кўриб, баҳолай олдик. Албатта, такомиллашувлар талаб қилинади. Ва шунга қарамай, бу яхши бошланиш”, деди Қозоғистон Қуролли Кучлари Бош штаби офицери, полковник Эржан Жакашев.

Қайд этилишича, маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари ҳарбийларнинг барча талаб ва илтимосларини инобатга олишга ҳаракат қилган. Мамлакатда ишлаб чиқарилган дронларнинг қабул қилиниши бюджет маблағларини сезиларли даражада тежайди, уларни кейинчалик техник хизмат кўрсатиш ва модернизация қилиш масалаларини тезкорлик билан ҳал қилади, дейилади вазирлик хабарида.

“Бизда жуда самарали “кеча‑кундуз” камералари, жойлашувни аниқлаш функцияси, лазер диапазони ва ўқ-дориларни чиқариш тизими мавжуд. Бундай хусусиятлар артиллерияни нишонларга йўналтиришга имкон беради. Ўйлайманки, улар Қуролли Кучлар мутахассислари томонидан ижобий баҳоланади”, — деди ишлаб чиқарувчи вакили Айбек Ахиш.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.