Қозоғистон АЭС қурилишини бештагача давлат иштирокида тузиладиган халқаро консорциумга топширмоқчи
Қозоғистонда АЭС қурилиши бештагача давлатни ўз ичига олган консорциум томонидан амалга оширилади. Бу ҳақда Zakon.kz мамлакат бош вазири ўринбосари Роман Склярга таяниб хабар бермоқда.
«АЭС шунчаки
битта объектдан ташкил топмайди, у турли мамлакатлар етакчилик қиладиган бир бутун
бошли иншоотлардан иборат бўлади. Шу сабабли лойиҳалаш жараёнида турли
мамлакатлардан энг яхши технологияларни олиш вазифаси турибди. Шунга
кўра, ушбу станция қурилиши бўйича турли компаниялар — субпудратчилар иштирок
этади. Бундай жаҳон тажрибаси аллақачон мавжуд, чунки ядровий оролни бир давлат,
турбинани бошқа давлат, ҳимояланган
ёки ёпиқ тарқатиш иншоотларини эса
учинчи давлат ва ҳоказо
қуради», — деди Скляр.
«Аммо буларнинг барчаси биргаликда яхши самара беради. Биз
қайсидир битта етказиб берувчига, битта пудратчига ёпишиб олмаслигимиз, амалиёт
кўрсатганидек, анча самарали ишлайдиган консорциум яратишимиз керак», — дея таъкидлади Скляр.
У лойиҳани
ишлаб чиқиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган сиёсий хавфлар ҳукумат томонидан
кўриб чиқилишини маълум
қилди.
«Агар
шундай ҳолатлар юзага келса, унда турли компаниялар, турли мамлакатлар билан
тузилган шартномаларда санкциялар банди деб аталадиган нарса назарда тутилади»,
— дея таъкидлади Скляр.
Консорциумга
ким аъзо бўлиши келаси йил аниқ бўлади, дея қўшимча қилди бош вазир ўринбосари.
Унга кўра, техник-иқтисодий асосни тайёрлаш учун бир йил, лойиҳа-смета
ҳужжатларини тайёрлаш учун эса 1,5 йил вақт кетади.
«Бу энг қисқа муддат. Кейин қурилиш бошланади. Масъулият
жуда катта, чунки АЭС хавфсизлиги биринчи ўринда туради. Албатта,
мамлакатимизда ишлаётган ИЭС ва ҳар қандай объект ҳам хавфсиз бўлиши керак.
Аммо АЭСда хавфсизлик алоҳида устувор аҳамиятга эга. Қайси компаниялар қайси давлатлардан бўлади, биз
ҳали бу саволга жавобни билмаймиз», — деди Скляр.
Эслатиб
ўтамиз, 6 октябрь куни Қозоғистонда АЭС масаласи бўйича референдум бўлиб
ўтди. Овоз бериш натижаларига кўра, атом станцияси қурилишини сайловчиларнинг
70 фоиздан ортиғи (5,6 миллион киши) қўллаб-қувватлаган.