17.03.2025 14:09
183

"Open budget"ми ёхуд бюрократик босим?!

Сўнгги пайтларда "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида овоз йиғиш жараёнлари атрофида кўплаб тортишувлар кузатилмоқда. Маълумотларга кўра, ходимларни мажбурий овоз беришга жалб қилиш ҳолатлари аён бўлмоқда.  

Андижон вилояти Балиқчи туманида тиббиёт ходимлари овоз йиғишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳамширалар беморларнинг аҳволидан хабар олиш ўрнига, онлайн платформада овоз тўплаш билан банд бўлиб қолган. Шу билан бирга, мактаб ўқувчиларининг дарс пайтида овоз йиғишга жалб этилгани акс этган видео тасвирлар ҳам тармоқларда тарқалган.   

Чирчиқ шаҳрида эса ўқитувчилар ота-оналарни "Ташаббусли бюджет" учун овоз беришга мажбурлаётганига оид аудиоёзувлар пайдо бўлди. Тошкент вилояти таълим бошқармаси бу ҳолатга муносабат билдириб, ҳеч қандай босим йўқлигини таъкидлаган бўлса-да, ўқитувчи ўз раҳбарияти томонидан мажбурланганини қайд этган. Қизиғи, буни "ихтиёрий ташаббус" сифатида баҳолаган идоралар шу ўқитувчига интизомий жазо чораси қўллаган.  

Бу каби ҳолатлар "Ташаббусли бюджет" жараёнининг ҳақиқий моҳиятидан йироқлашаётганидан далолат беради. Агар жараён ҳақиқатдан ҳам шаффоф ва адолатли бўлса, нима учун ходимларга босим ўтказилмоқда? Тиббиёт ходимлари ўз вазифаларидан чалғитилиб, ўқувчилар таълим жараёнидан узилиши бу лойиҳанинг мақсадига мутлақо зид эмасми? Саволлар кўп, жавоблар эса, ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.