07.03.2025 18:00
311

Ўқитувчилари масжид олдида турган Ўзбекистон: муаллимнинг вазифаси яна ўзгардими?

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Олмазор тумани халқ таълими бўлими (ХТБ) маънавиятчи методисти Гулчеҳра Усманова Ҳикматуллаевнанинг ўқитувчиларга берган топшириғи аудиоси тарқалди. Унда методист тумандаги мактаблар директори ўринбосарларига масжидга чиққан ўқувчиларнинг расми ва у ўқиётган мактаб рақамини ташлаб беришини сўраган. 

"... шунақа тартибда сўрашвотти. Ҳамма юз фоиз ташаберийла", деган у ўз мурожаатида.

Бундан ташқари, ХТБ маънавиятчиси директор ўринбосарларига мактаблардан ажратилган "масъуллар"нинг масжидга бориб, ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларига учрашишини, ўша ердаги фаолиятини "думалоқ видео" шаклида юборишини вазифа қилиб берган. Бунга ҳам методист юқоридагиларнинг унга тез-тез қўнғироқ қилиб, талаб қилишаётганини сабаб қилиб келтирган.         

Олдинроқ ватандошларимиз ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида куч ишлатар тизим вакилларига қўшилиб, 50 га яқин ўқитувчилар ҳам масжидлар олдида ихтиёрий-мажбурий равишда постда тургани, улар Аллоҳнинг байтига келаётган ўқувчиларни расмга олиб, ортига қайтараётгани ҳақида ёзганди. 

"Рамазон бошланишидан икки кун аввал барча мактаблардаги болалар орқали ота-оналарга хат жўнатилди. Хатда "Болаларни ноқонуний диний таълим олиши жавобгарликка сабаб бўлиши", айтилган эди. 

Икки кун ўтиб Рамазонни илк куни домлалар "болаларни масжидга олиб келманг", деб ваъз ўқий бошлади. 18 ёшга тўлмаганларни масжидга қўймай, хат орқали ота-оналар огоҳлантирилганини, болалар масжидга киритилмаслигини айтди. Ҳожат ушатиб қўядиган болаларгина эмас, мукаллаф бўлган, кап-катта 15-16 ёшли ўсмирлар ҳам масжиддан қувилди", деб ёзади ўзбекистонлик фаоллардан бири.

У ҳукумат очиқчасига дин ва диндорлар билан курашаётганини, кўчаларда бесамар юрган, плайстейшнларда, компьютерхоналарда ёки тунги клубларда ҳаётини ўтказаётганлар қолиб, дин ва диёнатли ёшларга қарши кураш бошланди деб ёзганлар ҳам бўлди. 

Жамшид Бобобеков исмли юртдошимиз эса фейсбукдаги саҳифасида ўзи бошидан ўтказган воқеани улашди. У Рамазонда намоз ўқиш учун борган масжиднинг барча эшикларига қулф осилгани асосий дарвоза олдида эса ўнлаб ўқитувчилар тизиб қўйилганини маълум қилган.

"Хуллас, чалғиб кетдим. Ўттизга яқин орган ходими атрофда турибди. Болаларни киргизмаслик билан эса асосан ўқитувчилар шуғулланяпти. Кўрсангиз жуда кулгули ва ачинарли манзара. Муаммо чиқса кейин орган ходимлари аралашяпти", деб ёзади у ўз саҳифасида. 

"Орган ходими билан ҳам гаплашдим", деб ёзади ватандошимиз. 

"Беш-олти йил қўйиб бердик Ҳеч қандай босим қилмадик. Ишимиз бўлмади. Буйруқ бўлмаса, совуқни кунида бизга ҳам зарурми?", деди у. 

Чиндан ачинарли манзара: отасига қўшилиб, Рамазон айёмини ўзгача руҳда ўтказаман деб келган боланинг эътиқод эркинлигини орган ходимига қўшилиб миллат тарбиячиси бўлган муаллимлар ҳам топтаб ўтирса-я. Ҳатто кўплаб ғайридинларнинг юртида ҳам учрамайдиган ҳолат, аҳолисининг катта қисми мусулмон бўлган давлатда юқоридан келган буйруқ асосида жорий этилса. Бу қандай кўргулик бўлди?

Давлат ҳокимиятига ўрнашиб олган баъзи каттаконларнинг бу ҳаракати нафақат мусулмончиликка, балки ўзлари бош бўлиб ишлаб чиққан қонунларга ҳам зиддир.

Айниқса Янги Ўзбекистонда ўқитувчилар пахта теришдан, кўча супиришдан озод этилди деб кўксимизга уриб мақтаниб турсак-да, бу ёқда ХТБ ходимлари воситасида муаллимларни масжиддан ёшларни тўсувчи одамларга айлантириб қўйсак, буни қандай тушиниш мумкин?! Ақлини таниган қайси ўқувчи, эртага ўзини масжиддан қувган устозини ҳурмат қилиб, унинг панд-насиҳатларини олиши мумкин. Бу ёғини ўйлаб кўряпмизми? Ёки яна фарзандларимизни онгли равишда онгсизлаштириш йўлидан бориб, шундоқ ҳам хаста бўлган таълимни ўлдиришга чоғландикми?

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.