21.02.2025 20:02

Олимларни обрўсизлантириш кимга керак?

19 февраль куни Ислом душманлари ва атеистларнинг қатор каналларида бирваракайига, худди кимдир топшириқ берганидек, «Мубашшир Аҳмадга нисбатан қидирув эълон қилингани» ҳақидаги постлар жойланди. Ушбу хабарларда Мубашшир Аҳмаднинг қўпоровчилик, террорчилик, диний экстремизм ва фирибгарлик каби жиноятларда айбланаётгани қайд этилди.

«Дилнур Камилов», «Муҳаббат Назар», «Дайди ўқ», «Муфаса», «Ҳақиқат қиличи», «Тафаккур қилинг», «Асанов», «Абу Муслим» ва бошқалар танга топган тентакдек шошма-шошарлик билан устоз Мубашшир Аҳмадни обрўсизлантиришга қаратилган хабарларни бирин-кетин овоза қила бошлашди.        

Баъзи ёлғончилар Мубашшир Аҳмадга туҳмат қилгани етмаганидай, ўзбек халқини қўрқитиб, «ушбу шахсни ижтимоий тармоқлар орқали кузатаётган ва унинг постларини қўллаб-қувватлаётган шахсларнинг ҳам алоҳида руйхати шакллантирилаётгани»ни қўшимча қилди.

Айниқса, ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов «Қалампир.уз» нашрига Мубашшир Аҳмад «ЎзЖКнинг 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми бўйича қидирувга берилгани»ни айтгач, Ислом душманларининг кўчасида байрам бошланди. Улар қайнар хумчадек ичидаги йирингларини қусишни бошлаб юбордилар. 

Ўзининг Худосиз хожаларига сажда қилувчи даҳрийлар «Фаластинликларни қўллаб-қувватлаган, ҳукуматнинг динга қарши сиёсатини танқид қилган Мубашшир Аҳмадни аллақачон қамаш керак эди», дея очиқ айта бошлашди. Мусулмонлар диёрида Исломга қарши, мусулмонларга қарши истаганича ҳақоратомуз сўзларини айтиб, жазоланмай юрган Камиловга ўхшаш атеистлар яна ўзларининг бадбўй ҳидларини ён-атрофга сочиб, «исталган вақтида Ўзбекистонга бора олиши»ни писанда қилди. 

Хайриятки, уларнинг бу хурсандчиликлари узоққа чўзилмади. Устоз Мубашшир Аҳмадга қарши ғараз ниятда тўқилган ёлғоннинг миси чиқиб қолди. Унинг ўта оғир жиноятда айбланаётгани ҳақидаги ИИВ тасдиқлаган маълумот адвокатлар томонидан рад этилди.

Бироз ўтиб, ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов «Мубашшир Аҳмад Жиноят кодексининг 244-2-моддасида назарда тутилган жиноятда гумонланмаганини, ахборот тарқатишда «техник хато»га йўл қўйилгани»ни тан олди.

Ушбу «техник хато» нафақат бир олимни обрўсизлантириш ва яккалашга уриниш сифатида кўрилди, балки кўплаб исломофобларнинг юзини ҳам очиб ташлади. Уларнинг аслида ким эканлигини, бир мусулмоннинг бошига иш тушганидан қанчалик шодланишини, қалбларидаги Исломга ва мусулмонларга бўлган маразини фош этди.   

Айни дамда «Мубашшир Аҳмадга ҳамфикр бўлганлар, унинг постларига «лайк» босганлар қаттиқ текшириларкан», деб чапак чалаётганларнинг уни ўчди. 
Шунга қарамай, мусулмонлар Аллоҳнинг ҳар бир синови беҳикмат бўлмаслигини яхши тушуниб туришибди. Шу пайтгача не-не Ислом уламоларига туҳмат қилинмаган, турли ёлғонлар билан жамиятда уни обрўсизлантиришга, яккалашга уринилмаган, дейсиз. Аммо бу ҳаракатлар қанча ортса, улар шунча азиз бўлиб бораверган, синовларда шу қадар тобланаверган. Турли фитналар қўзғатишга уринган динимиз душманлари эса, шарманда бўлиб қолаверган.

Аллоҳ Таоло айтади: «Улар Аллоҳнинг Нурини (яъни, Исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) ёмон кўрсалар-да, фақат Ўз нурини комил қилишни (яъни, ҳар тарафга ёйишни) истайди» («Тавба» сураси 32-оят).

Биз бугун ИИВ бу хабарни қандай мақсадда тарқатганини ҳам биламиз. Устоз Мубашшир Аҳмаднинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган адвокатлар у ҳақида атай хато «қилиб» тарқатган ёлғон хабарлари учун ҳам «хато» қилганлар устидан даъво киритишади. Зеро, ўзлари такрорлаётган модда ёнида биттагина рақамчаси бошқа яна битта модда ҳам бор: «244-6-модда. Ёлғон ахборот тарқатиш». 

Яна бошқа моддалар ҳам борки, уларда шахснинг ҳуқуқларини поймол қилиш, обрўсизлантиришга уриниш ва ҳоказолар учун жиноий жавобгарлик белгиланган. 
Ғараз ниятда ёлғон ёки «техник хато»си бор хабарларни тарқатганлар Мубашшир Аҳмаднинг мавқеини ҳасад билан пастлатмоқчи бўлдилар, аттанг, мақсадларига эриша олмадилар ва эриша олмайдилар ҳам! Зеро, «Аллоҳ азиз қилганни бандаси хор қилолмас».

Бирор хабар эшитсангиз, ақл тарозисига солиб кўриб, кейин хулоса чиқаринг!

Турли хабарлардан энг аввал «хабардор» қилинадиган ғаламисларга эса, Аллоҳ кифоя қилсин!

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.