07.03.2024 03:05

ОАВ: Туркия Ироқда йирик қуруқликдаги ҳарбий операция ўтказишни режалаштирмоқда

Туркия қуролли кучлари Ироқ шимолида мамлакатда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (ПКК) жангариларига қарши кенг кўламли қуруқликдаги ҳарбий операция ўтказишни режалаштирмоқда, деб ёзмоқда Hürriyet.

“Биринчи навбатда, «Панжа-Қулф» операцияси ўтказилган ҳудудда кенг кўламли қуруқлик амалиёти ўтказилади. Операция олдидан Ироқ марказий маъмурияти ва Барзонийлар оиласи назоратидаги Эрбил маъмурияти билан келишувга эришилди”, - дея қайд этди ҳукумат доираларига яқин газета шарҳловчиси Абдулқодир Селви.

Нашрнинг ёзишича, Анқара Ироқ билан чегаранинг барча 378 километрини террорчилардан бутунлай “ёпиб қўйишни” кутмоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон аввалроқ мамлакат ёзда Ироқ билан “чегара хавфсизлиги масаласини бутунлай ҳал қилишни” режалаштираётганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Туркия томони Сурияда 30-40 километр чуқурликда хавфсизлик коридорини яратишга ҳам интилмоқда.

Курдистон ишчилар партияси билан қуролли можаро Туркияда 1984 йилда бошланган ва 2015 йилда қайта тикланди. Айни пайтда Шимолий Ироқда ПКК базалари мавжуд бўлиб, Анқара уларга қарши ҳаво ва қуруқлик амалиётларини ўтказмоқда. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.