22.04.2024 07:15

Муфтий шайх Нуриддин Холиқназар Исломий фиқҳ академияси аъзолигига қабул қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ислом олами уюшмаси таркибидаги Исломий фиқҳ академияси аъзолигига қабул қилинди. Бу ҳақда 20 апрель куни Саудия Арабистони пойтахтида Академиянинг 23-давра йиғилишида эълон қилинди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.

Йиғилишда иштирок этаётган дунёнинг етакчи уламолари муфтий ҳазратларини ушбу мартаба билан қутлаб, Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни юқори баҳолашди.

Таъкидланишича, шу пайтга қадар ҳам Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Халқаро мусулмон уламолари кенгаши ва Мусулмон донишмандлар кенгаши аъзоси сифатида нуфузли тадбирлардаги ташаббуслари мусулмон дунёси томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

“Ўзбекистон вакилининг мазкур кенгашга қабул қилингани юртимизда давлатимиз Раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг юксак эътирофи бўлди”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистон муфтийси муштарак мақсадлар бўлмиш Ислом дини, мусулмон умматига хизмат қилиш, Ислом фиқҳининг эътироф этилган манбаларидан бутун дунё мусулмонлари дуч келаётган замонавий муаммоларга ечим топиш, мусулмонлар олдида турган масалаларни ҳал қилишда муносиб иштирок этиш, Ислом фиқҳий меросини тарғиб қилиш ва бу соҳадаги илмий тадқиқотларни рағбатлантириш борасида бор билим-тажриба ҳамда имкониятларини сафарбар этишини маълум қилди. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.