21.02.2025 11:06
Мубашшир Аҳмад ҳақида нотўғри ахборот тарқатган ИИВ хатосини тан олди
Олдинроқ, “Azon” лойиҳалари ва “Azon Global”ахборт-таҳлилий портали асосчиси, Туркиядаги Ўрта Осиё халқлари “Азон” вақфи Васийлар кенгаши раиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) ҳақида ижтимоий тармоқлардаги ўта оғир жиноятларда айбланиб, қидирувга берилгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди.
Шундан сўнг, “VERUM LAW FIRM” адвокатлик фирмаси ҳуқуқшунослари Мубашшир Аҳмаднинг ўта оғир жиноятда айбланаётгани ҳақидаги хабарлар асоссизлиги тўғрисида баёнот берди.
Ниҳоят, Мубашшир Аҳмад ҳақида бу каби асоссиз хабарлар тарқатилишига сабаб бўлган ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳам хатосини тан олди.
Унинг айтишича, Мубашшир Аҳмад Жиноят кодексининг 244-2-моддасида назарда тутилган жиноятда гумонланмаган, ахборот тарқатишда техник хатоликка йўл қўйилган.
"Аниқланишича, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан 2023 йил 11 августда 1974 йилда туғилган фуқаро Алишер Турсунов (тахаллуси Мубашшир Аҳмад)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-3-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган", дейилади бу ҳақдаги тушунтиришда.