Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади
Президент Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади.
"Муҳтарам ватандошлар! Сиз, азизларни, бутун халқимизни тинчлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик фазилатларидан тобора обод ва мунаввар бўлаётган юртимизга кириб келган Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Ушбу саодатли дамларда барчамиз бу улуғ айёмнинг руҳи ва шукуҳини чуқур ҳис этиб, эл-юртимиз билан биргаликда шундай ёруғ кунларга етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз", дейилади табрик сўзи бошида.
Президент шу кунларда Ҳаж зиёрати сафарида бўлган 15 минг нафар ўзбекистонликни ҳам тилга олди.
"Пок ниятлар ижобат бўладиган мана шундай илоҳий лаҳзаларда уларнинг барчасига чин дилдан ҳаж ибодатларини тўлиқ адо этиб, юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини тилаймиз", деган Мирзиёев.
Шу билан бирга, у хорижий элларда бўлиб турган ватандошларни ҳам самимий табриклади. Жаҳоннинг турли минтақаларида давом этаётган уруш ва жанжаллар тезроқ барҳам топишини, Ер юзида доимо тинчлик ва осойишталик барқарор бўлишини тилаган.
"Барчамиз ҳамжиҳат бўлиб, бошлаган ислоҳотларимизни янада қатъий давом эттирсак, бу улуғ мақсадга сўзсиз етамиз. Фарзандларимизни албатта билимли, ҳунарли, одобли инсонлар, чинакам ватанпарвар авлод этиб вояга етказамиз. Шу йўлда барчамизга бахт ва омад ёр бўлсин! Эл-юртимизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!" дейилади табрик якунида.