13.03.2025 14:53

Мирзиёев Франциянинг фахрий легион ордени билан мукофотланди

Францияга ташриф доирасида Париж шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикасининг олий мукофоти — фахрий легион ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Мукофотни давлат раҳбарига Франция президенти Эммануэль Макрон тантанали равишда топширган.

«Ўзбекистон президенти икки мамлакат ҳамкорлигини ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ушбу орденга сазовор бўлди», дейилади хабарда.

Мамлакат етакчиси мукофот учун Франция раҳбарига миннатдорлик билдириб, кейинги йилларда сермаҳсул ҳамкорликда юқори натижаларга эришилгани, икки мамлакат муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилганини қайд этди.

Фахрий легион ордени 1802 йилда таъсис этилган. Францияда ушбу орден алоҳида хизматларнинг давлат даражасида эътироф этилиши ва шон-шарафнинг энг юқори белгиси ҳисобланади.


Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.