14.12.2024 09:32

Медиамаҳсулотларни «маънавий экспертиза»дан ўтказиш тўғрисидаги қарор бекор қилинди

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Маънавият ва маърифат марказининг медиа маҳсулотларни «маънавий экспертизадан ўтказиш» тўғрисидаги қарори лойиҳасида ватандошларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи умуммажбурий кучга эга бўлган ҳуқуқий нормалар мавжудлигини аниқлади.

«Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, вазирлик ва идораларнинг шундай турдаги ҳуқуқий ҳужжатлари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Давлат рўйхатидан ўтказилмаган бу турдаги ҳужжатлар тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас ҳамда ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди», — дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, медиа маҳсулотларини «маънавий экспертиза»дан ўтказишни жорий этиш тўғрисидаги қарор ушбу ҳужжатни қабул қилган органлар томонидан бекор қилинган ва ижродан чақириб олинган.

Шу билан бирга, Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари томонидан турли манбаларда тарқатилган медиа маҳсулотларнинг амалдаги қонунчиликка зидлиги аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш юзасидан таҳлилий фикрлар тарзида ваколатли органларга белгиланган тартибда таклиф киритиб бориш мақсадга мувофиқлиги ҳақида тавсиялар берилган.

Эслатиб ўтамиз, Маънавият ва маърифат маркази ноябрь ойи бошида «Маънавият экпертизаси» жорий этилишини эълон қилганди. Кўпчилик томонидан мазкур лойиҳа цензура сифатида қабул қилинди ва эътирозларга сабаб бўлди. Шундан сўнг марказ экспертлар гуруҳи фақат тавсиялар беришини маълум қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.