МДҲ Парламент ассамблеясида Ғазо сектори билан боғлиқ баёнот кўриб чиқилди
Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) Парламент ассамблеясининг сиёсий масалалар ва халқаро ҳамкорлик бўйича доимий комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар қилди ЎзА.
Гибрид
форматда ўтказилган тадбирда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон,
Қирғизистон, Россия ва Тожикистон парламентлари вакиллари қатнашди. Мажлисда
Ўзбекистон номидан Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий
алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек
Алимов иштирок этди.
Комиссия аъзолари МДҲ Парламент ассамблеяси кенгаши
муҳокамасига тақдим этиладиган қатор ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқди.
Шунингдек, Ассамблеянинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар
билан терроризмга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги, парламентлараро
бирлашмалар тадбирлари тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Жумладан, МДҲ Парламент ассамблеясининг Фаластин давлатининг
Ғазо секторидаги вазият тўғрисидаги баёноти ва МДҲ Парламент ассамблеяси
ҳузурида кузатувчи мақоми тўғрисидаги низом лойиҳалари кўриб чиқилди.
Муҳокама давомида билдирилган Ўзбекистон Республикасининг
нуқтаи назари ва таклифлари мажлиснинг якуний ҳужжатларида инобатга олинди.
МДҲ Парламент ассамблеясининг Ғазо сектори билан боғлиқ баёноти қачон эълон қилиниши ҳозирча аниқ эмас.