24.05.2024 14:46
“МДҲ давлатлари муносабатларига путур етказиш”. Бортников - “Крокус Сити Холл” фожиасидан мақсад ҳақида
Россия Федерал хавфсизлик бошқармаси (ФСБ) раҳбари Александр Бортников 2024 йил 22 март куни Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” ишбилармонлик марказида содир бўлган қўпорувчилик ҳаракатини амалга оширишдан кўзланган мақсадлардан бири МДҲ давлатлари ўртасидаги муносабатларга путур етказиш эканини маълум қилди. Бу ҳақда Gazeta.ru хабар бермоқда.
“Ишончимиз комилки, ушбу терактга буйруқ берганларнинг мақсадларидан бири диний ва миллий омиллардан фойдаланган ҳолда МДҲ давлатлари муносабатларига путур етказишдир”, — деди у.
Бортниковнинг сўзларига кўра, Москванинг геосиёсий рақиблари шу орқали Россияда шаклланган “ўзига хос миллатлараро ва динлараро мувозанатни бузиш” учун динлараро ва миллатлараро низо уруғлантиришга уринган.
ФСБ раҳбарининг айтишича, шу кунгача ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “Крокус Сити Холл”га уюштирилган ҳужумга алоқадорликда айбланиб, 20 дан ортиқ одамни, бевосита жиноятчилар ва уларнинг шерикларини ҳибсга олган.