08.05.2024 10:33
Юнонистон ТИВ Истанбулдаги Кария масжидининг очилганидан хавотирини билдирди
4 йиллик реставрациядан сўнг очилган Кария масжидининг ибодат учун хизмат қилиши Юнонистон ҳукуматини хавотирга солди. Бу ҳақда мамлакат ТИВнинг баёноти эълон қилинди.
Унда Туркия бу қадами билан халқаро ҳамжамиятга чақириқ ташлагани айтилади.
"Истанбулдаги Кария масжидининг ибодат учун очилганидан жуда қайғудамиз", дейилади Юнонистон ТИВ баёнотида.
Аввалроқ Истанбулда 79 йил муқаддам музейга айлантирилган собиқ Кария масжиди 4 йиллик таъмирлаш-тиклаш ишларидан сўнг масжид сифатида фаолиятини қайтадан бошлагани ҳақида хабар бергандик.
У худди Аясофя масжиди сингари сайёҳлар ва намозхонлар учун алоҳида киришга эга бўлиб, масжид Византия империяси даврида XI асрда насроний ибодатхонаси сифатида барпо этилган. Усмонли империяси даврида XVI асрда масжидга айлантирилган. Туркия Республикаси ташкил этилганидан сўнг эса музей сифатида фаолиятини давом эттирган.