29.02.2024 07:29

ИҲТ йиғилишида Исроил дезинформациясига қарши курашишга келишилди

24 февраль куни Истанбулда Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) ахборот вазирларининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур анжуман Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси томонидан ташкил этилган бўлиб, унда 43 мамлакатдан келган 20 га яқин вазирлар, 200 дан зиёд юқори мартабали шахслар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро журналистлар иштирок этди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған йиғилиш иштирокичиларига видеомурожаат йўллади.

“Исроилнинг ғазолик биродарларимизга қарши ваҳшийликларини қайд этиш, уларни маълум қилиш ва дезинформация ҳаракатларининг олдини олиш энг муҳим вазифаларимиздандир. Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ахборот вазирларининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказишга ҳисса қўшганларни табриклайман. Роббим фаластинлик қардошларимизнинг ёри ва ёрдамчиси бўлсин”, - деди президент Эрдоған ўз нутқида.

Туркия Коммуникация бошқармаси раҳбари, ИҲТ ахборот вазири, муваққат раиси Фаҳреттин Альтун ҳамда ИҲТ бош котиби Ҳусайн Иброҳим Таҳа томонидан очилган йиғилишда Исроилнинг ўтган йилнинг 7 октябрдан бери ишғол қилган Фаластин тупроқларида журналистларга уюштирган ҳужумлари ва дезинформасион фаолиятлар муҳокама қилинди.

“Бадали қандай бўлишидан қатъи назар, Исроилнинг ваҳшийлиги, геноцидга уринишлари, ҳарбий жиноятларини нафақат газеталарда, балки бутун Фаластин бўйлаб қилаётган ёмон ишларини далиллар билан ошкор қилишимиз керак. Биз бу борадаги ҳаракатларимизни давом эттирамиз. Ишонамизки, Исроил нимаики қилмасин, қилган зулмлари билан ҳеч қачон ҳақиқатнинг овозини ўчира олмайди”, - деди Феҳриттин Алтун.

Шунингдек, йиғин раиси ислом давлатлари сифатида ҳақиқатни ҳайқириб айтишда давом этиши, Фаластин масаласининг глобал кун тартибидан тушишига ҳеч қачон йўл қўймаслигини таъкидлади.

Исроилнинг буюк ҳарбий жиноятларини яшириш учун юзага келтирган бу зулматини биз ёритишда давом этамиз. Зеро, шоир айтганидек, зулмат ойдинликдан, ёлғон тўғриликдан қочар. Исроил ҳам нурдан ва ҳақиқатдан қочмоқда. Аммо бу қочиш Исроилни тарих ва ҳақиқат олдида маҳкум бўлишдан қутқара олмайди, - деди Феҳриттин Алтун.

Дастур сўнгида ташкилотнинг якуний декларацияси эълон қилинди. Унда Исроилнинг Ғазо секторида амалга оширган ваҳшийлик ва қирғинларни яшириш мақсадидаги тизимли равишда дезинформасион кампаниялари, шунингдек, ёлғон ва чалғитувчи маълумотлар ҳамда сохта хабарлар тарқатилиши қораланиб, халқаро ҳамжамият диққатини қаратишга чақиради.

ИҲТ ахборот вазирларининг фавқулодда йиғинида ўзбекистонлик вакил ҳам иштирок этди.

Маълумот учун, Ислом ҳамкорлик ташкилоти бугунги кунда 1 миллиард 700 миллион аҳоли яшайдиган 57 та давлатни бирлаштирган дунёдаги энг йирик халқаро тузилмалардан биридир. Ўзбекистон ИҲТга 1996 йилда аъзо бўлган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.