13.01.2024 10:11

Ироқ шимолида турк аскарлари ҳалок бўлди

Ироқ шимолида PKK (Курдистон ишчилар партияси; Туркия, АҚШ ва Евроиттифоқда террористик ташкилот деб эълон қилинган) жангарилари билан тўқнашув оқибатида Туркия Қуролли кучларининг беш нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Anadolu Туркия миллий мудофаа вазирлиги баёнотига таяниб хабар қилди. Хабарда айтилишича, яна 8 аскар яраланган.

Қайд этилишича, жангарилар Туркия қуролли кучларининг "Чангал-Қулф" аксилтеррор операцияси ўтказилаётган ҳудуддаги ҳарбий базасига киришга уринган.

“12 январь куни “Чангал-Қулф” операцияси ҳудудида террорчилар базага киришга уринган тўқнашув чоғида 5 нафар қаҳрамон сафдошимиз ҳалок бўлди, яна 8 нафари яраланди, улардан 3 нафари оғир”, — дея маълум қилди Туркия Мудофаа вазирлиги. Яраланган турк аскарлари касалхонага ётқизилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, жанг давомида 12 нафар жангари зарарсизлантирилган.

"Минтақада операциялар давом этмоқда", - дея қўшимча қилди мудофаа вазирлиги.

Хусусан, Туркия ҳаво кучлари Ироқ ва Сурия шимолидаги PKK ташкилотининг 29 та нишонига зарба берди. Кўплаб жангарилар, жумладан жиноий ташкилот етакчилари ўлдирилган.

Ҳаво ҳужумларида Сурия шимолидаги, шунингдек, Ироқ шимолидаги Метина, Ҳакурк, Гара ва Қандил ҳудудларидаги нефть иншоотлари ва террорчиларнинг бошпаналари, жумладан ғорлар нишонга олинган.

Аввалроқ Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған PKK жангарилари Туркияда биринчи марта қонли жиноят содир этган 1984 йилдан буён 2020 йилнинг мартигача Туркиянинг 7500 нафар хавфсизлик кучлари ва 6800 нафар тинч аҳоли вакиллари ушбу ташкилот қўлидан ҳалок бўлганини айтган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.