29.02.2024 08:01

Илҳом Алиев: Озарбайжон Европа Кенгашидан тўлиқ чиқиш масаласини кўриб чиқиши мумкин

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 28 февраль куни Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси раиси Михаэл Хармс бошчилигидаги делегацияни қабул қилар экан, мамлакат делегациясининг Европа Кенгаши Парламент Ассамблеясидаги фаолияти тўхтатилгани билан боғлиқ можарога тўхталиб ўтди.

Давлат раҳбари Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси Озарбайжон делегациясини овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарорини эсга олди.

“Афсуски, бу қарор Германия парламенти аъзоси ташаббуси билан қабул қилинган ва бу шахс канцлер Шолц бошчилигидаги партия аъзосидир. Бу икки томонлама стандартлар ёки биз билан ўйин эмасми?! Германия канцлери холисликни намойиш этади, унинг баёнотлари ва ҳаракатлари ҳам буни акс эттиради. У раҳбарлик қилаётган партия аъзоси эса Европа Парламент Ассамблеясида насроний бўлмаган икки давлатдан бири ҳисобланган Озарбайжонни чиқариб ташлашни истайди ва буни намойишкорона ҳамда мақсадли қилади”, — деди Алиев.

Озарбайжон президенти агар бир йил ичида мамлакат делегациянинг ҳуқуқлари тикланмаса, Боку Европа Кенгашидан тўлиқ чиқиш масаласини жиддий кўриб чиқиши мумкинлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, у канцлер Шолц ташаббуси билан яқинда Мюнхенда бўлиб ўтган Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан бўлиб ўтган учрашувнинг тинчлик жараёнига динамизм қўшиш нуқтаи назаридан муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Илҳом Алиев Германия томонининг таклифи билан Берлинда ташқи ишлар вазирлари учрашувини ўтказишни Озарбайжон ҳам қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Шундай қилиб, Германия оловга мой қуйиб, Арманистонни ҳалокатли қуроллар билан таъминлаётган қўшниси Франциядан фарқли ўлароқ, тинчлик жараёнида бетарафликни намойиш этаётганини тилга олди.

Президент Илҳом Алиев Озарбайжон тинчлик жараёни тарафдори эканини, Иккинчи Қорабоғ уруши тугагандан сўнг тинчлик музокаралари ташаббусини ўз қўлига олгани ҳамда можарони тинч йўл билан ҳал қилишнинг 5 та асосий тамойилини ишлаб чиққани, тинчлик шартномаси матни лойиҳасини тақдим этганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил бошида Озарбайжоннинг Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси (PACE)даги делегацияси тузилмадаги фаолиятини тўхтатган эди. 

“Дунёда ҳеч ким, шу жумладан, бу хонада ўтирганлар ҳам Озарбайжон билан таҳдид ва шантаж тилида гаплаша олмайди. PACE тарихида ҳеч қачон бу ташкилот ўзини бу даражада уятсиз тутмаган. Европа Парламент Ассамблеясида вужудга келган чидаб бўлмас ирқчилик, озарбайжонофобия ва исломофобия муҳитига қарамасдан, Озарбайжон делегацияси кейинги хабарномага қадар Европа Парламент Ассамблеясидаги ўзаро ҳамкорлиги ва иштирокини тўхтатишга қарор қилди”, — дейилганди Озарбайжон делегацияси баёнотида. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.