28.03.2024 11:31

Европанинг учта давлатида Туркия фуқаролари ва турк мавзеларига ҳужумлар содир этилди

Европанинг қатор мамлакатларида Курдистон ишчилар партияси (PKK) тарафдорлари томонидан Туркия фуқаролари ҳамда турк мавзелар, масжид ва бошқа муассасалари, мол-мулкларига ҳужумлар содир этилмоқда.

Хусусан, Бельгияда PKK террор ташкилоти тарафдорлари бир вақтнинг ўзида бир неча ҳудудда турк мавзеларига босқин уюштириб, масжид, маданият маркази ва бошқа муассасаларни вайрон қилди ва ўт қўйди, машиналарга зарар етказди, турк фуқароларига ҳужум қилди (видео).

Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг 26 март, сешанба куни берган баёнотида ҳодисалар натижасида қурбонлар бўлмагани, баъзи турк фуқаролари тан жароҳати олгани айтилди. Туркиянинг Бельгиядаги дипломатик миссияси вакиллари ҳужумлар содир этилган ҳудудларда яшовчи турк фуқаролари билан учрашди.

“Бельгиядаги халқимизнинг соғлом ақли ва Бельгия полициясининг самарали аралашуви туфайли воқеалар авж олишининг олди олинди. Маҳаллий ҳукумат ҳужумчилар устидан тергов бошлади. Воқеалар барча даражаларда кузатилмоқда”, - дейилади баёнотда.

Шунингдек, 27 мартга ўтар кечаси 12 нафар PKK аъзоси Германиянинг Ганновер шаҳрида юриш уюштирди. Акция вақтида иштирокчилар Туркиянинг ушбу шаҳардаги Бош консулхонасига ҳужум уюштириб, қаттиқ жисмлар билан бино ойналарини синдириб, яширинган.

PKK тарафдорлари Париждаги Шарль де Голл аэропортида ҳам тартибсизликни келтириб чиқарди. Бунга террористик ташкилот аъзоси Фираз Коркмазнинг Туркияга экстрадиция қилиниши сабаб бўлган. Ҳодисада уч киши жароҳат олган, аэропорт ҳам зарар кўрган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.