23.07.2025 06:13
67
ДХХ раиси Кобулда. У Афғонистон мудофаа вазири билан учрашди
Кеча, 22 июль куни Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги делегация Кобул шаҳрида Афғонистон мудофаа вазири Мулла Муҳаммад Ёқуб билан учрашув ўтказди.
Маълум қилинишича, учрашувда ДХХ раисининг ўринбосари Фаррух Мухторов, ДХХ раисининг ўринбосари – чегара қўшинлари қўмондони Салимжон Ҳасанов ва бошқа расмий делегация аъзолари қатнашган.
Учрашувда Ўзбекистон делегацияси Афғонистондаги хавфсизлик ҳолати ва иқтисодий тараққиётдан мамнун эканини, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Афғонистон мудофаа вазири халқаро майдонларда Ўзбекистон ҳукуматининг ижобий позициясини эътироф этиб, икки қўшни давлат ўртасидаги алоқалар кенгайиб бораётганини қайд этган.
Учрашувда томонлар чегара ҳамкорлиги, ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш ва бошқа тегишли масалалар юзасидан фикр алмашган.
Бундан ташқари, Баҳодир Қурбонов қўшни мамлакат ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний билан ҳам учрашув ўтказган.