16.06.2025 07:39
139
ChatGPT'дан диний саволларга жавоб олса бўладими?
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ChatGPT орқали диний саволларга жавоб олиш жоиз эмаслигини маълум қилди. Марказ сунъий интеллект орқали диний саволларга жавоб олиш жоиз эмаслигини билдирди.
Идорага кўра, ChatGPT платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор.
Марказ мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг "зикр аҳли"дан ўрганиши лозим эканини қайд этди.
"Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади", дейилади Фатво маркази жавобида.