26.10.2024 10:43

Боку Европа Иттифоқи элчисига норозилик нотасини топширди

Европа Иттифоқининг Озарбайжондаги элчиси Петер Мичалко Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабарида айтилади.

Дипломатга 24 октябрь куни Европарламент томонидан қабул қилинган “асоссиз ва холис аксил-Озарбайжон резолюцияси” муносабати билан норозилик нотаси топширилди.

Маълумотларга кўра, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги 24 октябрь куни Европарламент томонидан қабул қилинган резолюция ҳамда Европа комиссарининг Европарламентдаги муҳокамалар чоғида билдирилган асоссиз ва нохолис баёнотларини кескин қоралаган.

Ташқи ишлар вазирлиги “Европа Иттифоқининг турли институтлари орқали Озарбайжонни қоралаш кампаниясининг давом этиши, Озарбайжон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилувчи баёнот ва қадамлари, мамлакат ички ишларига аралашиши Арманистонда реваншизмни рағбатлантирмоқда ва бу орқали Озарбайжоннинг минтақада тинчлик ўрнатиш бўйича ҳаракатларига зарар етказмоқда".

“Озарбайжон Европа Иттифоқи билан муносабатларни халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойиллари, ўзаро ҳурмат, тенглик ва ўзаро манфаатлар асосида қуради ва Европа Иттифоқини ҳам ушбу фундаментал тамойилларга қатъий риоя қилишга чақиради”, — дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.

Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқидан “Озарбайжоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузувчи, минтақадаги тинчлик ва барқарорликка путур етказувчи, шунингдек, мамлакат ички ишларига аралашадиган ғаразли қадамлардан сақланишни” талаб қилди.

Маълумот учун, 24 октябрь куни Европарламент Озарбайжондаги вазият, инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқнинг бузилиши, шунингдек, Арманистон билан муносабатларга оид резолюцияни қабул қилди. Овоз беришда 573 нафар европалик депутат иштирок этди, ҳужжат учун 453 депутат ёқлаб овоз берди, 31 депутат қарши бўлди, 89 нафари бетараф қолди.

Депутатлар резолюцияда Озарбайжоннинг ҳам, Арманистоннинг ҳам суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги қўллаб-қувватланиши, 1991 йилдаги Олмаота декларациясига мувофиқ ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлигини ўзаро тан олиш тамойиллари асосида муносабатлар тартибга солиниши тасдиқланди.

Улар, шунингдек, Озарбайжон қўшинларини арман ишғолидан озод қилинган ҳудудлардан олиб чиқиб кетиш талабини тасдиқлади, Озарбайжонни Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирди ҳамда Озарбайжон ва Нахичеван ўртасидаги алоқа масалалари Арманистоннинг ҳудудий яхлитлиги тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда ҳал этилиши кераклигини таъкидлади. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.