03.12.2024 08:30
БАА элчиси Ўзбекистон ТИВга таклиф қилинди
2 декабрь куни ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бахромжон Аълоев БАА элчиси Саид Матар ал-Қамзийни қабул қилди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.
Томонлар сўнгги кунларда Абу-Даби аэропортида Ўзбекистон эркак фуқароларининг ҳибсга олиниши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди.
«Мавжуд ҳолатни имкон қадар қисқа муддатларда ҳал қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди», — дейилади хабарда.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Аввалроқ 30 ноябрдан бери Абу-Даби аэропортида Ўзбекистондан учиб келган 30 нафардан зиёд эркаклар ҳеч қандай изоҳларсиз киритилмагани ва 15 соатдан зиёд вақт давомида овқатсиз тутиб турилгани ҳақида хабар қилинган эди.
Ҳозирча ҳибсга олиш сабаблари ҳақида расмий баёнот берилмаган. Бироқ бу ҳодиса БАА исроиллик раввин Цви Коганнинг ўлдирилишида гумонланиб уч нафар Ўзбекистон фуқароси ушлангани билан боғлиқ экани тахмин қилинмоқда.