11.11.2024 12:03
1007
«Аралашганимизда ишни охирига етказардик». Рамзан Қодиров Ўзбекистонга пўписа қиляптими?
2024 йил 26 октябрь куни Президент администрацияси собиқ ходими Комил Алламжоновнинг машинаси ўққа тутилгани ҳақидаги дастлабки хабарлар пайдо бўлди.
Бош прокуратура Қибрай туманида “Range Rover” русумли автомашинага бир неча маротаба ўқ узилгани, ҳодисада ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилди. Бироқ ушбу хабарда Комил Алламжоновнинг номи тилга олинмади.
Орадан бир кун ўтиб, тармоқларда бир видео пайдо бўлди.
"Озодлик" ўз манбаларига таяниб, видеодаги оқ кўйлакли йигитнинг Шоҳруҳ Аҳмедов эканини, у 2021 йилда Туркияда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров танқидчиларига қарши уюштирилган шов-шувли суиқасд режасига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олингани ва етти ой қамоқда ўтирганини маълум қилди. Қайд этилишича, турк матбуотида “рус жосуслари можароси” деб аталган ушбу ҳодисада Аҳмедов билан бирга етти нафар чеченлар ҳам айбланган.
Ушбу маълумотлар сизиб чиқиши баробарида тармоқларнинг ўзбек сегментида “Қибрайдаги суиқасдни Алламжоновнинг ўзи қилган”и ҳақидаги иддаолар тарқалаётган эди. Кутилмаганда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг шахсан ўзи Алламжоновнинг машинаси ўққа тутилишида "чеченларнинг қўли йўқлиги"ни айтиб чиқди.
"Ўзбекистонда бир неча ҳафта олдин мамлакат президенти маъмуриятининг собиқ ходими кетаётган машинага қарата ўқ узилган эди. Ҳеч ким жабрланмади. Гумонланувчилардан бири аллақачон ҳибсга олинган, тергов барча иштирокчиларни ва суиқасд сабабларини аниқлаши керак. Бироқ натижаларни кутмасдан, мамлакатдаги ғарбпараст ва баъзи мухолифат ОАВлари "чечен изи" ҳақидаги версияни чиқариб ташлашди ва кейин бу изни менга боғлашди", дейилади Қодировнинг ижтимоий тармоқдаги постида.
Эътиборлиси, бундай провокацион нарсаларга жавоб бермаслигини айтган Қодиров "агар у ҳақиқатан ҳам бирор нарсани режалаштирса, ишини охиригача ва 100% натижа билан қилиши"ни иддао ҳам қилган.
Чеченистон раҳбарининг "бундай ишларга аралашмаслиги, аралашган тақдирда охири ёмон бўлиши" ҳақидаги таҳдидли сўзлари шундоқ ҳам Ўзбекистон ички ишларига аралашаётган россиялик амалдорлар хатти-ҳаракатининг давомига ўхшаб қолди. Эсингизда бўлса, олдинроқ Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова ўзбекистонлик рус тили ўқитувчисига чора кўрилишини талаб қилиб чиққан эди. Энди бўлса ўзини "Путиннинг хизматкори" деб атаган Рамзан Қодиров ўзбекистонликларга пўписа қиляпти.
Ўз сўзлари орқали у минтақада фаол ҳаракат қилишга тайёрлигини ёки бошқа сабабларга кўра, постсовет мамлакатларидаги расмийларнинг қарорларини шубҳа остига қўйишга тайёрлигини намойиш қилмаяптимикин!? Ташқи томондан, бу ўз мавқеини мустаҳкамлаш ёки бошқа мамлакатлардаги вазиятга аралашиш нияти сифатида қабул қилиниши ҳам мумкин. Бу эса Россия таъсири кучли бўлган давлатлар ҳукуматининг хавотирига сабаб бўлиши керак. Ўз навбатида, расмийлар Ўзбекистон ўзининг ички ишларини ўзи ҳал қила олиши, бошқалар ўз мақсадларини 100 фоиз амалга ошира оладиган заиф мамлакат эмаслиги, унинг суверенитетини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини эслатиб, жиддий муносабат билдириши талаб этилади.