04.12.2024 08:32

Андижонда ҳижоб ўраган ўқувчи қизлар "қизил тоифа"га киритилди

28 ноябрь куни Андижон вилояти Хўжаобод тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Рустам Жалолдинов 3-сектор ҳудудидаги мактабларнинг айрим ўқувчилари билан учрашган. Kun.uz нашрининг хабар беришича, туман ҳокимлиги матбуот хизмати учрашув “қизил тоифадаги” ўқувчилар билан бўлганини ёзган.

“Хўжаобод тумани 3-сектор ҳудудида жойлашган мактаблардаги 18 нафар қизил тоифадаги ўқувчилар билан туман ИИБ бошлиғи Рустам Жалолдинов ва Халқ қабулхонаси мудири Д.Комилжоновлар томонидан келгусида ўқувчиларни қизиқишлари бўйича суҳбат ташкил этилди”, – дейилади ҳокимлик хабарида.

Расмийларга кўра, учрашувда ўқувчилар билан “мактабдан кейинги мустақил ҳаётдаги режалари ҳақида” бирма-бир суҳбат олиб борилган ва керакли тавсиялар берилган.

Хабарга илова қилинган суратларда рўмол ўраган ўқувчи қизлар (9 нафар) ва бир неча йигитни кўриш мумкин. “Суҳбатда” бир қанча масъуллар ҳам қатнашгани кўринади.


Туман ҳокимлиги ўз хабарида вояга етмаган болалар “қизил гуруҳда” эканини қайд этиш билан уларга салбий бўёқ берган, суратларда уларнинг юзлари очиқ ҳолда қолдирган.

Болалар қайси хусусиятига кўра “қизил гуруҳ”га киритилганига изоҳ берилмаган.


Маълумот учун, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасига биноан, Ўзбекистонда болаларнинг камситилишига йўл қўйилмайди, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилинади.

Қонуннинг 10-моддасида давлат болаларни инсон қадр-қимматини камситувчи муомаладан ҳимоя қилиши назарда тутилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.