22.02.2025 18:37

Адвокатлар ватандошларни "техник хато" борасида ҳиссиётга берилмасликка чақирди

Олдинроқ ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов техник хато сабабли Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)нинг оғир жиноятларда айбланаётгани ҳақида нотўғри ахборотлар тарқатилганини тан олган эди.

Мубашшир Аҳмаднинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган "Verum law firm" адвокатлик фирмаси ватандошларни ижтимоий тармоқларда ИИВ томонидан йўл қўйилган техник хатолик юзасидан фикр билдиришда ҳиссиётларга берилмасликка чақирди.

Хуқуқшуносларнинг билдиришича, адвокатлик фирмасининг қўзғатилган жиноят иши бўйича баёнотидан сўнг ИИВ матбуот котибининг расмий изоҳи жамоатчилик диққатини ўзига тортган ва фаол муҳокама қилинган. Қайд этилишича, бу ҳолат жамоатчиликнинг мамлакатимизда юз бераётган ҳуқуқий жараёнларга бефарқ эмаслигини кўрсатади.

Зеро ИИВ матбуот котиби баёнотида Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) билан боғлиқ маълумотларни расмийлаштиришда "техник хато" содир бўлгани келтирилган. Унинг сўзларига кўра, қидирув эълон қилинган Жиноят кодексининг тегишли моддаси тўғри киритилмаган. Бу эса, ўз навбатида, жамоатчиликда турли шубҳа ва гумонларга сабаб бўлмоқда.

Адвокатлик фирмаси ихтиёрида мавжуд бўлган расмий ҳужжатлар таҳлили шуни кўрсатадики, фуқаро Алишер Турсуновга нисбатан қидирув ҳужжатлари марказлашган ҳисобга қўйиш жараёнида бу масалага масъул бўлган ходимлар томонидан хатоликка йўл қўйилиб, ЖКнинг моддаси нотўғри акс эттирилган ва натижада ИИВ матбуот котиби томонидан шу маълумотларга мувофиқ баёнот билдирилишига олиб келган. Бу эса дастлаб ахборот каналларида нотўғри маълумот жойлаштирилишига ҳақиқатдан ҳам “техник хатолик” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигидан далолат беради. Айнан шу хатоликни тўғрилаш мақсадида ҳам адвокатлик фирмаси томонидан ўз вақтида тегишли баёнот билдирилди. 

"ИИВ томонидан хатоликни ўз вақтида тан олиниши ва тезкорлик билан тўғри муносабат билдирилиши эса ижобий ҳодиса бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун муҳим аҳамиятга эга", дейилади билдиришномада.

Ҳуқуқшунослар, яна бир бор фуқаролардан ушбу масала бўйича фикр-мулоҳаза билдиришда ҳиссиётларга берилмасликни, барвақт хулоса чиқармаслик, расмий манба ва маълумотларга ҳамда ҳуқуқий асосга таянишини сўради.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.