01.01.2025 18:30

Идеал бошқарув қандай бўлади?

Ёзганларим мутасадди ва масъулларга етиб боради, деган умиддаман. Бундан фақат дўстона насиҳат ва яхшиликка чақиришни умид қилдим. Айбларни очиш ва обрўларни тўкишни эмас, фазилатларни тарғиб қилишни мақсад қилдим. Аллоҳ тавфиқ берсин!

#ИДЕАЛ_БОШҚАРУВ_АСОСЛАРИ №1

Бу мавзуни ислом кўрадиган идеал бошқарув принциплари асосида ва одил халифа - Умар ва бошқалар мисолларида ўрганамиз.

1. Умар розияллоҳу анҳу ямоқ кийимларда юрардилар. Ўзларига тақво ва машаққат йўлини тутган эдилар. Бу ҳақда ривоятлар жуда кўп. Вилоятларга тайинлаган ҳокимлари ҳам мана шу йўсинда яшашини уқтирардилар.

Айрим тарихчилар зикр қилишича, Умар ибн Хаттоб бирор шахсни мансабга тайинламоқчи бўлсалар, у билан шартнома тузар эдилар. Унда мансабдорнинг қимматбаҳо от тури (ҳозирда қиммат машиналар) минмаслиги, тансиқ таомлар емаслиги, қимматбаҳо кийимлар киймаслиги, одамларнинг эҳтиёжи учун эшигини ёпмаслиги ва тансоқчилар олмаслигини шарт қилинар эди.

@MubashshirAhmad

#ИДЕАЛ_БОШҚАРУВ_АСОСЛАРИ №2

Умар розияллоҳу анҳу давлат мансабдорларини қаттиқ назорат қилиш билан танилгандилар. У кишининг қўлида бош назоратчи вазифадори бўлиб, Муҳаммад ибн Салама ал-Ансорий фаолият юритар эдилар.

У кишининг тафтиш ва текширувларидан кейин агар мусулмонларга манфаатли деб кўрилса, ҳатто энг катта амалдорнинг ҳам баҳридан ўтиларди. Бу тўғрида шундай қонун жорий қилинганди: "МЕН УЧУН БИТТА ЗОЛИМ ВОЛИЙНИ МАНСАБИДА ҚОЛДИРИШДАН КЎРА, ҲАР КУН БИР ВОЛИЙНИ ИШДАН ОЛИШ ЯХШИРОҚ".

Умар шундай деган эдилар: "Қайси амалдорим бировга зулм қилгани хабари келса-ю, мен уни ўзгартирмасам, у ҳолда золим менман".

У зот амалдорларни шу даражада қаттиқ назорат қилардиларки, қайси волий (пойтахт) Мадинага кайтса, унга кундузи кирсин, дея фармойиш берган эдилар. Тоинки, унинг қўлидаги мол ва ашёлари кўриниб турсинки, ҳисоб ва жавбгарликка тутиш осон бўлсин!

Шу сабабли Умар ҳаж мавсумидан волий ва раъийят аҳволини ўрганишда унумли фойдаланар эдилар.

Амалдорларидан вазиятни сўраб-суриштириб ўтирмас эдилар. Балки одамлардан ичларидаги эътиборли кишиларни ҳажга юборишни сўрар ва улардан ўзлари тайинлаган амирларнинг тасарруфлари ҳақида суриштирар эдилар.

Волий ва амирларни эса ҳузурларига фақат ишлари ҳақида хулосалар тақдим қилиш учун чорлардилар. Бунда раъийятдан шикояти бор ёки зулм кўрганлар билан масъулларни юзлаштирар ва шундан кейин қарор чиқарар эдилар.

@MubashshirAhmad

#ИДЕАЛ_БОШҚАРУВ_АСОСЛАРИ №3

Непотизмга қандай қаралади исломда? Ислом асосларини тўғри татбиқ қилинган саодат асрига қарайдиган бўлсак, Умар розияллоҳу анҳу қариндош-уруғларнинг мансабга яқинлашишига қаттиқ қарши турганлар. Чунки ўзларининг намуна ўлароқ билинган ҳукмронлик низомларига заррача доғ тушишини истамаганлар. Ваҳоланки баъзи яқинлари ўта тажрибали ва ишончли бўлишган.

Зикр қилинишича, бир киши катта фақиҳлардан бўлган саҳобий ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умарни бир мансабга тайинлашларини таклиф қилади. Шунда Умар унга: "Аллоҳ сени ҳалок қилсин! Аллоҳга қасамки, бу таклифингни Аллоҳ учун бермадинг" дедилар.

Бу тўғрида Умарнинг қуйидаги гаплари машҳур: КИМ БИРОВНИ ЯХШИ КЎРГАНИ ЁКИ ЯҚИНЛИГИ УЧУН АМАЛГА ҚЎЙСА, МАНСАБГА ФАҚАТ ШУ СИФАТЛАРИ УЧУН МУНОСИБ КЎРСА, У АЛЛОҲ ВА РАСУЛИГА ХИЁНАТ ҚИЛИБДИ".

Жонларига суиқасд қилиниб, ўлим тўшагида ётганларида, ўзларидан кейинги халифани танлаш иши топширилган олтилик ҳайъатида ўғиллари Абдуллоҳ ҳам бўлишини васият қиладилар. Лекин бир шарт билан: Абдуллоҳ фақат овоз беради, лекин халифа бўлиб сайланмайди.

Ўзининг ва фарзандларининг ҳокимият чўққисида қолиши учун ҳар қандай номақулчиликдан тап тортилмаётган бу замонда, бошқарувнинг бундай асосига риоя қилиниши қандай аҳамият касб этиши кўпчиликка аниқ маълум.

Давоми бор

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.