15.11.2024 18:00

Қуддус учун Америкага қарши чиққан ва ўз жияни томонидан отиб ўлдирилган Саудия қироли - Файсал бин Абдулазиз Ал Сауд

“Муқаддас Қуддус бизни чақирмоқда. Ал-Ақсо масжиди уни азоблардан қутқаришимизни кутмоқда. Нега қўрқамиз? Бизни нима ушлаб турибди? Ўлимдан қўрқамизми? Аллоҳ йўлида ўлишдан кўра фазилатлироқ ўлим борми? Эй мусулмон биродарлар, биз қайта тирилишни истаймиз. Унинг номи ягона Исломдир. Бу на бир фирқада, на бир қабилада ёки на бир айро мазҳабда тирилиш. Бу Аллоҳ йўлидаги жиҳод учун тирилишдир. Парвардигордан ўзининг йўлида шаҳид бўлишликни насиб этишини сўрайман. Бугун муқаддас шаҳар учун жанг қила олмасак, унинг озодлиги учун курашмасак мусулмон сифатида яшашимиздан не маъно”...

Ушбу сўзлар 1975 йил 25 март куни ўзининг жияни Файсал бин Мусаид томонидан отиб ўлдирилган Қирол Файсал бин Абдулазиз Ал Саудга тегишли эди. 

Файсал бин Абдулазиз 1906 йилнинг ноябрида Ар-Риёдда туғилган. У Саудия Арабистони асосчиси Абдулазиз бин Сауднинг учинчи ўғли эди. Файсал ёшлик пайтидаёқ онасидан айрилган ва онаси томонидан бобоси Шайх Абдуллоҳ бин Абдулатиф қўлида тарбия топган.

У тўққиз ёшида Қуръонни тўлиқ ёд олади. Шунингдек, Файсал ўша даврда Арабистон ярим оролида кенг тарқалган анъанавий таълим муассасаси – “Куттаб”да ўқиш ва ёзишни ўрганади. Бўлажак қирол болалигиданоқ ўзининг жасорати, донолиги ва зийраклиги билан бошқалардан ажралиб турган.

Отасининг қарамоғига қайтгач, Файсал сиёсат ва ҳарбий ишлар соҳасида амалий тажриба орттиради, тинчлик ва уруш даврида инсонлар билан муомала қилиш сирларини ўрганади.

Файсалнинг эрта ижтимоий тарбияси унинг нотиқлик маҳоратига ҳам сезиларли таъсир кўрсатган, у араб тилини мукаммал билган. У ўз фикрини аниқ ифодалай олиш ва гапирмоқчи бўлмаган мавзулардан қоча билиш қобилиятига эга эди. Манбаларда Файсал босиқ, мулоҳазали ва камгап инсон сифатида тасвирланган. Унинг кўп тинглаб, кам гапириши, сўзларини эҳтиёткорлик билан танлаши, ўз фикрини қисқа ва тушунарли қилиб ифодалаши суҳбатдошларида ўзгача таассурот қолдирган. Шунга қарамай, Файсал мавжуд муаммоларнинг энг майда тафсилотларигача ўрганишдан эринмаган. У ҳар қандай вазиятга тезда мослаша олиши билан бошқаларга ўрнак бўларди. 

Айниқса қиролнинг замондошлари унинг камтарлигини, ҳеч кимга, ҳатто ўз фарзандларига ҳам қўлини ўпишга рухсат бермаслигини ёзиб қолдиришган. Бу қоида ҳар бир кишига, уларнинг муносабати ёки мавқеидан қатъи назар, тааллуқли эди. Файсал сабр-тоқати, узоқни кўра билиш қобилияти билан ҳам ажралиб турган. Яқинларининг айтишича, у қарор қабул қилишга шошилмас ва исрофгарчиликдан қочарди. Ҳатто ўзи билан келишмаган одамларга нисбатан ҳам адолатли ва холис муносабатда бўларди.

Қирол Абдулазиз ўғли Файсалга жуда эрта ишонч билдирган ва Биринчи жаҳон уруши тугаши арафасида 13 ёшли шаҳзодани инглизлар билан учрашиш учун Британияга юборади. У Британияда шахсий сабоқ олади ва инглиз тилини ўрганади. 1925 йилда Усмонли халифалигига қарши чиқиб, бир неча йил Ҳижозни бошқарган Шариф Ҳусайн мағлубиятга учрагач, 20 ёшли Файсал Ҳижознинг амири бўлади.

У амирлик даврида дунёнинг турли бурчакларидан Ҳаж қилиш учун Саудияга келаётган мусулмонларга ғамхўрлик қилади. Файсал имкони борича зиёратчилар билан ҳамсуҳбат бўлиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиб беришга интилади. Ўша пайтда бундай одамлар орасида Муҳаммад Асад ва Малкольм Х каби таниқли шахслар ҳам бор эди.

1926 йилда қирол Абдулазиз уни ўзига бош ноиб этиб тайинлайди. 1927 йилда Файсал Шўро кенгаши раиси, 1932 йилда эса ташқи ишлар вазири (Шўро кенгаши раислигини сақлаб қолган ҳолда) лавозимларини эгаллайди.
Ташқи ишлар вазири сифатидаги фаолияти давомида унинг энг дадил қарорларидан бири Америка Қўшма Штатлари билан дипломатик алоқаларни узиш бўлган. Бу қарор БМТнинг Фаластинни бўлиш тўғрисидаги резолюциясига жавобан қабул қилинган. 

У Саудия Арабистони номидан турли халқаро конференцияларда, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсис конференциясида қатнашди. 1953 йилда отаси вафотидан сўнг унинг укаси Сауд бин Абдулазиз қирол бўлди ва Файсал бош вазир этиб тайинланди. Бироқ акасининг нотўғри бошқаруви туфайли Файсал қироллик оиласи кенгаши томонидан ўз лавозимидан четлаштирилди. 1957 йилда қиролликда жиддий молиявий инқироз юз беради. Оқибатда ҳукумат Ғарб мамлакатлари ва Aramco’дан қарз олишга мажбур бўлади.

Орада қирол Сауд касал бўлиб қолиб, даволаниш учун чет элга жўнаб кетади. Соғлиғи ёмонлашгани туфайли, қиролнинг тўнғич ўғли шаҳзода Муҳаммад вазиятни муҳокама қилиш учун уламолар ва шаҳзодаларни тўплайди. Улар бир овоздан қирол Саудни ўз лавозимида қолдириш ва шаҳзода Файсалга ички ва халқаро ишларни бошқариш ваколатини беришга келишиб олади. Бу ваколат қирол мамлакатда ёки чет элда бўлишидан қатъи назар ўз кучида қолиши кўзда тутилганди. Ниҳоят, 1964 йил 2 ноябрда шаҳзода Файсал Саудия Арабистони қироли деб эълон қилинади.

Қирол Файсал дунёдаги нефть захираларининг учдан икки қисмини назорат қилувчи 13 давлат томонидан тузилган Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (OPEC)нинг асосчиларидан бири эди. Бошқа араб раҳбарларидан фарқли ўлароқ, Файсал араб миллатчилигидан кўра, Ислом бирлигини ёқларди. Унинг асосий ташвишларидан бири Араб-Исроил можароси, айниқса 1967 йилги “Олти кунлик уруш” эди. У араб иттифоқининг мағлубияти ва Исроил ишғолининг кенгайишидан энг кўп куйинган давлат раҳбарларидан бири бўлди. 

Файсал учун бурилиш нуқтаси 1969 йил 21 августда австралиялик мутаассиб яҳудий Майкл Деннис Роҳан Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига ўт қўйганида юз берди. Ўшанда Салоҳиддин Қуддусни фатҳ қилганидан кейин ўрнатган ёғоч минбарни ёнғин вайрон қилиб, масжидга жиддий зарар етказганди.

Бунга жавобан қирол Файсал Саудия Арабистони раҳбарлигидаги Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)ни тузди. У Исроилни қаттиқ қоралади ва Ал-Ақсо масжидидан чуқур хавотирда эканлигини билдирди.

Ташқи сиёсат борасида қирол Файсал Исроилни ҳар қандай тарзда қўллаб-қувватлаган мамлакатлар билан дипломатик алоқаларни узишдан чўчимади. Масалан, 1965 йил 14 майда Ғарбий Германия Исроилга катта миқдорда пул тўлашга рози бўлганида ҳам Файсал ўз принципида турди. 1967 йилда Исроилнинг араб давлатларига тажовузидан кейин Саудия Британияга нефть экспортини тўхтатди. 

Саудия ва Франция ўртасидаги муносабатлар ҳам қирол Файсал ҳукмронлиги даврида маълум даражада кескинлашди. Бунга Файсалнинг Жазоир каби Франция мустамлакаси бўлган араб давлатларини молиявий, ҳарбий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлагани сабаб бўлди. Айниқса Файсал ва Франция президенти Шарль де Голл ўртасидаги учрашув французларнинг арабларга нисбатан позицияси ўзгаришига хизмат қилгани эътиборли. 

Қирол Файсал 1967 йилги урушдан кейин Мисрни қатъий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратди. 1973 йил 6 октябрда тўртинчи Араб-Исроил уруши бошланди. Қирол Файсал Миср ва Сурия билан биргаликда сионистларга қарши жангга киришди. 

1973 йилги Йом Кипур урушида Миср ва Сурия Исроилга ҳужум қилиб, босиб олинган ерларни қайтариб олиш учун иттифоқ тузди. Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ ва Буюк Британия Исроилни қўллаб-қувватлади. Бунга жавобан қирол Файсал Исроилни қўллаб-қувватловчи давлатларга нефть эмбаргосини жорий қилди. Эмбарго глобал энергия инқирозига олиб келди. АҚШ Давлат котиби Генри Киссинжер музокаралар олиб бориш учун қирол Файсал билан учрашди, бироқ Файсал барча муроса таклифларини рад этди. Киссинжер Саудиянинг нефть қудуқларини бомбалаш билан таҳдид қилганида, Файсал тарихда қоладиган дадил баёнот билан чиқди: 

“Нефть қудуқларимизни бомбалашингиз мумкин. Ота-боболаримиз хурмо ва туя сути билан ҳам кун кўрган. Биз яна шундай қилишимиз мумкин, лекин сиз нефтсиз яшай олмайсиз”, деди у.

Қирол Файсалнинг “нефть жанги” Миср ва Суриянинг тажовузга қарши ҳарбий ҳаракатлари билан бир вақтга тўғри келди. Бундан ташқари, қирол Файсал Саудия Арабистони қуролли кучларига фронт чизиғидаги давлатларни қўллаб-қувватлаш учун тайёргарлик кўриш ва Сурияга ўтиш тўғрисида буйруқ берди. Ушбу ҳарбий ҳамкорлик арабларнинг урушдаги ғалабасига ҳисса қўшди. Уруш бирлашган араб фронтини шакллантиришга эришди. Натижада АҚШ Араб-Исроил можаросини ҳал қилиш учун барча дипломатик воситаларидан фойдаланишга шошилди. Европа давлатлари ва қўшилмаган социалистик мамлакатлар ҳам арабларни қўллаб-қувватлади. Африка давлатлари ҳамжиҳатлиги ва исломий бирдамлик ҳаракатлари ҳам вужудга келди.

Шундан сўнг, қирол Файсал Ғарбнинг қўрқинчли тушига айланди. Ўз навбатида турли фитналар ва макр-ҳийлалар қилишда устаси фаранг бўлган бу кучлар жим қараб туриши ҳам мумкин эмасди. 
1975 йил 25 март куни Саудиядаги очиқ  форумда қиролнинг жияни – Файсал бин Мусаид амакисини кўргани келди. Учрашув чоғида кутилмаганда жияни қиролга қарата ўқ узди. Ўқларнинг бири унинг юзига, иккинчиси бошига тегади, учинчиси эса мўлжалдан адашади. Оқибатда қирол Файсал шифохонада вафот этади.

Мусаид кўп йиллар АҚШда ўқиган ҳамда алкоголик ва гиёҳванд бўлган. У Марказий разведка бошқармаси (CIA) томонидан ёлланган ва Саудия Арабистонига амакисини ўлдириш учун юборилган деб ишонилади. Эҳтимол Марказий разведка бошқармаси уни махфий дори ва америкалик қиз дўсти Кристин Сурма орқали бошқаргандир. Нима бўлганда ҳам ўзининг ақлбовар қилмас ишлари билан АҚШни довдиратиб қўйган қирол Файсалнинг ўлдирилиши мусулмон дунёсини ларзага солди. Ислом ва араб дунёси ўз устунларидан бири билан хайрлашди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.