09.03.2024 14:02

Azon Global таҳририятида Umma Life асосчилари билан учрашув бўлиб ўтди

Кеча, 8 март жума куни Azon Global таҳририяти бош офисида Umma Life ижтимоий тармоғи асосчилари меҳмон бўлишди. Уларни Устозимиз Шайх Мубашшир Аҳмад қабул қилдилар. Лойиҳа раҳбари Исо Доғистоний (Isa Dagestani) суҳбат давомида мазкур тармоқнинг юзага келиши тарихи, ҳозирги ҳолати ва келгусидаги режалари ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Устоз Мубашшир Аҳмад Umma Life`нинг ҳозирча мусулмонларнинг ягона ижтимоий тармоғи бўлиб тургани, шу боис уни имкон тезроқ ривожлантириб, фойдаланиш учун қулай даражага олиб чиқиш зарурлигини таъкидладилар.

Бундан ташқари, ушбу ижтимоий тармоқни ҳамма мусулмонларнинг чинакам майдонига айлана олиши учун қилиниши зарур бўлган бир қанча ишларни санаб ўтдилар. Мисол учун, мусиқа масаласи. Маълумки, мусиқа ва қўшиқ ҳақида илгари ўтган катта уламолар ҳам турли фикрлар билдиришган. Улардан айримлари уни буткул жоиз эмас деса, баъзилари маълум шартлар асосида тингласа бўлади, дейишган. Жоиз деган уламолар ўз фикрларини бир қатор ҳадислар ва саҳобаларнинг тасарруфлари билан далиллашган. Қолаверса, бу масалада замонамиз уламолари (юртимизда ҳам) ҳам кўп баҳс-мунозаралар қилишган, марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг жавоблари бу баҳсларга нуқта қўйган.

Икки миллиарддан ошиқ мусулмонларнинг ҳаммаси бир хилда тақволи эмас, буни талаб этиш ҳам ўринсиз, қолаверса, ҳали айтиб ўтилганидек, маълум шартлар асосида мусиқани жоиз деган уламолар ҳам борлигини ҳисобга олиб, Устоз Мубашшир Аҳмад Umma Life тармоғида ана шу шартлар асосида мусиқага изн беришни тавсия қилдилар.

Исо Доғистоний

Ундан кейин, Umma Life асосчилари ёки маъмурлари ўзларининг эътиқод ва қарашларини тармоқда ҳеч бир шаклда изҳор этмасликлари, айрим фирқа ва тоифаларга мансуб кишиларнинг ваъзлари ва ёзувларини тармоққа зинҳор жойламасликлари кераклигига ҳам урғу бердилар.

Устоз тармоқда мазҳаблараро бағрикенглик тамойилига амал қилиниши билан бир қаторда, мазҳабсизлик, бузғунчилик ва бошқа турли фитна-фасод уруғларини эркин тарқатилишига ҳам йўл қўйиб бериб бўлмаслигини алоҳида таъкидларилар.

Мулоқот асносида Сиз азизларнинг Устоз чақириқларига биноан изоҳларда билдирган таклиф-мулоҳазаларингизни ҳам лойиҳа масъулларига етказилди.

Самимий мулоқот ва қизғин суҳбат руҳида ўтган учрашув сўнггида қўллаб-қувватловлари, тавсия-таклифлари учун Шайх Мубашшир Аҳмадга ўз миннатдорлигини изҳор этган Umma Life асосчиси Исо Доғистоний ижтимоий тармоғининг ҳануз ривожланиш босқичида экани, фойдаланувчиларнинг талаб ва эҳтиёжларига жавоб берадиган даражага етказиш учун бор куч-ғайратлари ва имконлари билан ҳаракат қилаётганликларини таъкидлади ҳамда бу каби мулоқотлар, тавсия ва таклифлар аввало мусулмонлар бирдамлигини янада мустаҳкамлаши, тармоқнинг ривожланишида катта аҳамиятга эга эканини айтди. Қолаверса, Устознинг постлари остида қолдирилаётган изоҳлардаги таклиф-мулоҳазаларни ўзлари ҳам кузатиб боришаётгани, уларда айтилган камчиликлар қисқа фурсатларда бартараф этилишини маълум қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.