Тарихда бугун: 1919 йилдаги Файсал-Вайзман келишуви
Файсал-Вайзман битими Фаластиндаги араб ва сионист интилишларини уйғунлаштириш йўлидаги дастлабки уриниш эди. 1919 йилда Париж тинчлик анжуманида имзоланган бу ҳужжат минтақага узоқ муддатли таъсир кўрсатиб, фаластинликларнинг мажбуран кўчирилиши ҳамда бугунги кунгача давом этаётган ўнлаб йиллик можаро ва босқинчиликка йўл очди.
Воқеа аслида қандай бошланган?
Фаластин масаласининг илдизлари ҳақида сўз борганда, кўпчилик 1948 йилдаги юз минглаб фаластинликлар ўз ватанларидан мажбуран кўчирилган Накба ("Фожиа") ҳодисасига эътибор қаратади. Бошқалар 1917 йилдаги машҳур Балфур декларациясини тарихий Фаластинда сионист давлат барпо этиш учун замин яратган муҳим нуқта сифатида таъкидлайдилар. Бироқ машъум декларация қабул қилинганидан икки йил ўтгач, кўпчиликка унчалик маълум бўлмаган, аммо жуда аҳамиятли воқеа юз берди: 1919 йилда минтақа учун чуқур оқибатларга олиб келадиган араб ва сионист интилишларини муросага келтириш мақсадида Файсал-Вайзман битими имзоланди.
1919 йил 3 январда Париж тинчлик анжумани пайтида имзоланган шартнома қисқа умр кўрган Ҳижоз қироллиги шаҳзодаси Файсал (Маккалик Шариф Ҳусайннинг ўғли ва араб миллатчилик ҳаракатининг таниқли раҳбари) ҳамда Жаҳон сионистик ташкилоти раиси Хаим Вайсман ўртасидаги келишув эди. Файсал Британия Биринчи жаҳон урушида арабларнинг Усмонийлардан мустақилликни қўлга киритиш ҳақидаги ваъдаларини бажариши шарти билан Балфур декларациясининг амалга оширилиши ва Фаластинда яҳудий ватанининг ташкил этилишини қўллаб-қувватлашга рози бўлди.
Битим араблар ва яҳудийлар ўртасидаги ҳамкорликни, Фаластинда тинч-тотув яшашни ва минтақада кенг қамровли иқтисодий ҳамкорликни назарда тутган.
Келишувни томонлар "араблар ва яҳудий халқи ўртасида мавжуд бўлган ирқий қариндошлик ва қадимий алоқаларни эсда тутган ҳолда, уларнинг табиий интилишларини рўёбга чиқаришнинг энг ишончли йўли Араб давлати ва Фаластинни ривожлантиришда иложи борича яқин ҳамкорлик қилиш эканлигини англаган ҳолда" имзолашди.
Бироқ унинг асосидаги ғоя – араб миллатчилиги ва сионизм интилишлари уйғун тарзда яшаши мумкинлиги – буткул хато эди. Араб етакчилари сионистларнинг ҳудудий даъволари кўламидан деярли бехабар эдилар, сионист раҳбарлар эса битимни Фаластинда мустаҳкам ўрнашиб олиш учун стратегик имконият сифатида кўрдилар ва буни “Таврот ҳуқуқи” деб оқладилар.
Бу ният битим матнида ҳам яққол кўринади: "Яҳудийларнинг Фаластинга кенг кўламда кўчиб келишини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун барча зарур чоралар кўрилиб, иложи борича тезроқ яҳудий муҳожирларини зич жойлаштириш лозим".
Кейин нима бўлди?
Файсал-Вайзман битими қисқа ва мўрт келишув бўлиб чиқди. Ғарб мустамлакачи давлатлари – Британия ва Франция араб етакчиларига берган уруш давридаги ваъдаларидан воз кечдилар ва бунинг ўрнига 1916 йилги Сайкс-Пико битими асосида Яқин Шарқни бўлиб олдилар. Фаластин Британия Миллатлар Лигаси мандатига, Сурия ва Ливан эса Франция назоратига ўтди. Араб миллатчилари ҳаракатлари бостирилди, Фаластиндаги араб ва яҳудий жамоалари ўртасидаги зиддиятлар кескинлашди, маҳаллий аҳолига қарши қирғинлар ва террор ҳаракатлари ўнлаб йиллар давомида можаро уруғини сочди.
Ушбу битим ва унинг барбод бўлиши оқибатлари жуда катта эди ва шундайлигича қолмоқда. Фаластинликлар учун бу уларнинг давлатчилик орзуларига қаратилган хиёнат эди. "Ҳааретз" газетасида кейинги воқеалар аччиқ истеҳзо билан тилга олинади:
"Файсал Париж анжуманини оғир хиёнат туйғуси билан тарк этди. Унинг ўзи Усмоний ҳукмдорларга қарши инглизлар билан ёнма-ён жанг қилиб, хиёнатга қўл урди, аммо урушдан кейин инглизлар унга хиёнат қилди. Кейин ўзини оқлашга ҳаракат қилди..."
Файсал ўша йилнинг июль ойида Сурия Миллий Конгресси сафига қўшилди. Конгресс Франциянинг Сурия устидан мандатини рад этиб, Фаластинни Суриянинг ажралмас қисми деб эълон қилди ҳамда яҳудийларнинг Фаластинга кўчиб келишига қарши чиқди.
Бироқ энди жуда кеч эди. Ўша йили французлар Файсални зўрлик билан Суриядан ҳайдаб чиқарди ва уч йилдан сўнг Британияга Фаластинда Балфур декларациясини амалга ошириш учун [Миллатлар Лигаси] мандати берилди. Бунинг эвазига инглизлар Файсални Ироққа, унинг укаси Абдуллани эса Иорданияга қирол этиб тайинладилар, Ҳижоз эса Саудия Арабистони таркибига кирди.
Британиянинг
иккиюзламачилиги ва сионист кўчманчи-мустамлакачилиги билан йўғрилган араб
миллатчилик ғояларининг муваффақиятсизлиги бир қатор урушлар ва қўзғолонларга,
жумладан, XX асрда араб-исроил урушларига сабаб бўлди. Бугунги кунда
унинг оқибатлари босқинчи давлатнинг Ғазодаги давом этаётган геноцидида, Ливан
суверенитетининг бузилишида, ерларни тортиб олиш ва кенгайиш сиёсатида, яқинда
эса мухолифат кучлари томонидан ҳукумат ағдарилганидан сўнг Сурияда намоён
бўлмоқда. Бундан ташқари, Исроил ва бир қанча араб давлатлари ўртасидаги
муносабатларни нормаллаштириш келишувлари ҳудудларни қўшиб олиш, аҳолини
кўчириш ва зўравонлик тўлқинини тўхтатиш ҳамда фаластинликларнинг фуқаросизлик
ҳолатини бартараф этиш учун деярли ҳеч қандай натижа бермади.