13.01.2024 04:32

Журналистик суриштирув: АҚШ ва Исроил Эрон ядровий дастурини қандай саботаж қилганди?

Голландиянинг Volkskrant нашри ходимлари томонидан ўтказилган журналистик суриштирувда 2008 йилда қандай қилиб 36 ёшли Эрик ван Саббен АҚШ ва Исроилнинг Эрон ядровий дастурини бузиш бўйича операциясида ҳал қилувчи роль ўйнагани аниқланди.

Суриштирувда айтилишича, ушбу шахс Эрон ядровий мажмуасига кириб борган ва машҳур Stuxnet вирусини жойлаштириб, мамлакат ядровий дастурига путур етказган. Голландия Бош разведка ва хавфсизлик хизмати (AIVD) ушбу фуқарони ёллаган, аммо бу ҳақда ҳукуматга ҳеч қандай маълумот берилмаган, дея хабар қилади Volkskrant нашри ушбу саботаж бўйича икки йиллик суриштирувдан сўнг.

Бир неча йил олдин Volkskrant Голландиянинг AIVD ва ҳарбий разведка хизматлари ушбу саботаж операциясида иштирок этиш учун жосус ёллагани ҳақида хабар берганди. Аммо ўша пайтда унинг эронлик муҳандис эканлигига ишонишган. Айни пайтда газета ишни ўрганишда давом этди ва ишда қатнашган ўнлаб одамлар, жумладан AIVD ва Ички ишлар вазирлигининг 19 нафар ходими билан суҳбатлашди.

Эроннинг Натанз шаҳридаги Ядро мажмуаси

Уларнинг газетага айтишича, голландиялик Ван Саббен Натанз шаҳридаги ер ости ядро мажмуасига кириб, мураккаб Stuxnet вируси билан зарарланган ускунани ўрнатган. Газетанинг ёзишича, дастурий таъминотни ишлаб чиқишга 1 млрд доллардан кўпроқ маблағ сарфланган. Тахминларга кўра, бу кўп сонли ядро центрифугаларининг парчаланишига сабаб бўлган ва ядро дастурини бир неча йилга кечиктирган.

Голландияда бу янги турдаги киберқурол амалиётда қўлланганини ҳеч ким билмас эди, деб ёзади Volkskrant. Журналистларга кўра, разведка идоралари Эрон ядро дастурини саботаж қилишда иштирок этишларини билишган, бироқ айнан уларнинг агенти вирусни олиб келганини билишмаган. "Америкаликлар биздан фойдаланишди", деган разведка манбаларидан бири нашрга.

Тадқиқотчиларнинг хулосасига кўра, Ван Саббен мамлакат ядровий дастурини муваффақиятли саботаж қилгандан сўнг дарҳол Эронни тарк этган. Икки ҳафта ўтгач, у Дубайдаги уйи ёнида мототцикл ҳалокатида вафот этган. Volkskrant ҳалокат жойида одамлар билан гаплашган ва ҳодиса атай уюштирилганини бўйича бирор маълумот топа олмаган. Бироқ AIVD `нинг аноним ходими газетага Ван Саббен ўз ёрдами эвазига "катта бадал тўлаганини" айтди.

Газетанинг ёзишича, Ван Саббен 2005 йилда AIVD томонидан ишга олинган. Унинг техник тажрибаси, минтақадаги кўплаб алоқалари, жумладан, Эрон билан алоқалари (у аллақачон Эронда бизнес билан шуғулланган ва мамлакатда қариндош-уруғлари бўлган эронлик аёлга уйланган) уни бу миссия учун идеал ҳолатга келтирган.

Унинг вафотидан кейин БААнинг The National газетасида чоп этилган мақолада ван Саббен Форс кўрфази давлати ривожига муҳим ҳисса қўшган муҳандис сифатида мақталган. Мақолада у хизмат сафари билан жуда кўп мамлакатларда бўлгани, Судан, Яман ва Шарқий Африка билан бирга Эронда ҳам бўлгани қайд этилган. Volkskrant маълумотларига кўра, ван Саббен Эронга қилган ана шундай сафарларидан бирида вирусни Натанз ядровий мажмуасида ишга туширган. Вирус ван Саббен ўрнатган сув насосида бўлиши мумкин.

Голландияликнинг агент операциясидаги роли ҳақида билгани ёки йўқлиги номаълум, деб ёзади Volkskrant.

Ушбу суриштирувдан сўнг Голландиянинг бир нечта парламент аъзолари операция ҳақида, жумладан, ҳукумат ва парламент нима учун бундан бехабар эканлигига тушунтириш беришни талаб қилди. Аноним AIVD раҳбарининг сўзларига кўра, ҳукумат потенциал сиёсий инқироз туфайли операция ҳақида атайлаб хабардор қилинмаган бўлиши мумкин. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.