27.01.2024 19:28

ЖССТ Тел-Авивнинг ҲАМАС билан тил бириктиргани ҳақидаги даъволарини рад этди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебреесус Тел‑Авивнинг ЖССТ ҲАМАС билан тил бириктириб, Исроилга қарши “фитна уюштираётгани” ҳамда Ғазо секторидаги исроиллик маҳбуслар азобига “кўз юмаётгани” ҳақидаги даъволарини рад этди.

“Бундай ёлғон баёнотлар зарарли ва ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, аҳолининг заиф қатламларига хизмат кўрсатадиган ходимларимиз учун хавф туғдириши мумкин”, — деб ёзди Гебреесус ижтимоий тармоқда.

БМТ агентлиги сифатида ЖССТ холис ва барча инсонлар саломатлиги ва фаровонлиги учун ишлайди, дейилади баёнотда.

Кеча, 25 январь куни Исроилнинг ЖССТдаги вакили Мейрав Эйлон Шаҳар ташкилот ижроия кенгаши йиғилишида ЖССТ ҲАМАС билан ҳамжиҳатликда эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ташкилот Исроил томонидан Ғазо секторидаги шифохоналардан террорчилар ҳарбий мақсадларда фойдалангани ҳақидаги далилларни эътиборсиз қолдираётгани шундан далолат беради, деб ёзади The Times of Israel.

Жума куни эрталаб ЖССТ матбуот котиби Кристиан Линдмае 7 октябрдан буён Исроил томонидан Ғазо ва Ғарбий Соҳилда тиббиёт муассасаларига 676 дан ортиқ ҳужум уюштирилгани, натижада 623 киши ҳалок бўлгани ва 837 киши жароҳатланганини айтди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.